Shelby Cobra Daytona Америка автомобиллари рекордини янгилади

1964 йилда ишлаб чиқарилган Shelby Cobra Daytona Coupe кимошди савдосида сотилган энг қиммат Америка автомобилига айланди. Gooding & Company’нинг 2026 йилги Pebble Beach аукционида намойиш этилган ноёб автомобиль 42,905 миллион долларга сотилди.
Автомобиль савдога 25 миллион доллардан юқори нархда қўйилган эди. Якуний нарх дастлабки баҳодан қарийб 18 миллион долларга ошиб, аввалги рекордни ҳам янгилади. Бунга қадар рекорд 1935 йилда ишлаб чиқарилган Duesenberg SSJ автомобилига тегишли бўлиб, у 2018 йилда 22 миллион долларга сотилган.
Аукционда сотилган автомобиль CSX2300 шасси рақамига эга. У Shelby Cobra’нинг пойга имкониятларини ошириш ва ўша даврнинг энг кучли пойга автомобилларидан бири бўлган Ferrari 250 GTO билан рақобатлашиш мақсадида яратилган олти дона Daytona Coupe’дан биридир.
Модельнинг аэродинамик кузови америкалик муҳандис ва дизайнер Питер Брок томонидан ишлаб чиқилган. CSX2300 1964 йилги Tour de France Automobile мусобақасида дебют қилган ва кейинчалик Daytona, Sebring ҳамда Нюрбургринг каби машҳур трассалардаги пойгаларда иштирок этган.
Шунингдек, мазкур автомобиль 1975–1998 йилларда Shelby компанияси асосчиси Carroll Shelbyнинг шахсий коллекциясида сақланган. Унинг ноёблиги, бой пойга тарихи ва Shelby номи билан боғлиқлиги автомобиль қийматини янада оширган.
Умуман, Shelby Cobra Daytona Coupe моделидан бор-йўғи олти дона ишлаб чиқарилган. Аукционда сотилган мазкур нусха эса улар орасида тарихий аҳамияти энг юқори автомобиллардан бири ҳисобланади.































Изоҳлар 0
…