12:48 / 03.08.2017
6 100

GM Uzbekistan автомобилларини сотишдаги товламачилик фош этилди

GM Uzbekistan автомобилларини сотишдаги товламачилик фош этилди
Сирдарё вилояти Миллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан ҳамкорликда GM Uzbekistan автомобилларини сотишда товламачилик билан шуғулланган «Сирдарёавтотеххизмат» МЧЖ автосалони директори Абдумурод Ҳақбердиевни қўлга олишди.

Олинган маълумотларга кўра, А.Ҳақбердиев Иккинчи жаҳон уруши фахрийсининг «Каптива» автомобили олиш учун имтиёзли сертификатидан фойдаланиш эвазига фахрийга 10 миллион сўм беришни ваъда қилган. Ҳақбердиев уруш фахрийсига 9 Май байрами муносабати билан тақдим этилган сертификатни бошқа одам номига расмийлаштирмоқчи бўлган. Бу ҳақда Спутник хабар берди.

«Тезкор ходимлар уни фахрийга 10 миллион сўм бераётган чоғида қўлга олишди. Кейинроқ унинг бошқа ишлари ҳам фош бўлди. Маълум бўлишича, Ҳақбердиев машинани бозор баҳосидан анча арзон сотиб олиш имконини берувчи товламачилик схемасини яратган. У бу хизмати учун машина нархининг 50% қисмини пора сифатида олган», — деди МХХ ходими.

Фахрийлар сертификати машинани навбатсиз ва сертификат тақдим этилган пайтдаги нархда сотиб олиш ҳуқуқини беради. «Каптива»нинг илгариги нархи 135 миллион сўм эди. Товламачилик схемаси орқали машина сотиб олган харидор автонинг ҳозирги нархидан анчагина кам пул тўлаш имкониятига эга бўлган. Ҳақбердиев шу тарзда 10 та автомобиль сотган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш Департаменти Сирдарё вилоят бошқармаси А.Ҳақбердиевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » GM Uzbekistan автомобилларини сотишдаги товламачилик фош этилди