12:20 / 15.03.2020
5 228

UzAuto Motors ҳақида: «Инсонларни танлашдан маҳрум қилиш – тарихий маънавиятсизлик, уятсизлик ва шафқатсизликдир»

UzAuto Motors ҳақида: «Инсонларни танлашдан маҳрум қилиш – тарихий маънавиятсизлик, уятсизлик ва шафқатсизликдир»
Карим Баҳриевнинг таҳлилига кўра, UzAuto Motors заводи бўлмаса ва 130 минг дона автомашина Ўзбекистонга четдан ўртача 8000 доллар нархда олиб кирилса ва ҳозиргидек 50-70 фоиз эмас эмас, 10 фоиз тўлов жорий этилса ҳам, бюджетга 1 миллиард доллардан зиёд тушум тушади.
9 март куни UzAuto Motorsʼнинг автомобиллар нархини турли машиналар кесимида 15-20 фоиз атрофида ошириши ортидан ушбу корхонага нисбатан бўлаётган эътирозли фикрлар ҳамон тўхтагани йўқ.

Бу борада турли ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёзилаётган кўплаб танқидий чиқишлар ҳамда UzAuto Motors маҳсулотларига нисбатан бойкотга чорловларни кузатиш мумкин.

Kun.uz мавзу юзасидан турли соҳа вакиллари, экспертлар фикрини эълон қилиб келмоқда. Сайтнинг навбатдаги суҳбатдошлари таниқли журналист Карим Баҳриев, депутат Дониёр Ғаниев ҳамда сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов бўлди.

Карим Баҳриев: «Аҳвол шундай давом этса, етар энди, дейилишига қарамасдан, монополист гуруҳлар «яна бир йил ё икки йил онамни эмиб, ўзимни тутиб олай» деб тамшанадиган гўдак каби тармашиб тураверадилар»

Фото: Карим Баҳриевнинг Facebook саҳифасидан олинди
Журналист Карим Баҳриевга кўра, монополист «GM Uzbekistan» 2017 йилда 135,5 минг дона автомобиль ишлаб чиқарган. Соҳадаги ўртача иш ҳақи 300 доллар эквивалентида экани ҳисобга олинса, компанияда ишга ҳақ тўлаш фонди тахминан 100 миллион доллар эквивалентга тенг.

«Бу соҳада 14 000 атрофидаги киши иш билан таъминланган. Ўзбекистонда 6-7 миллион атрофида ишсиз бор, Россияда 2,5 миллион юртдошимиз ишлайди. 10-15 минг киши ишсиз қолади деб, банкрот заводни ушлаб туриш кимга керак?!

Президент Шавкат Мирзиёев «Шу заводни ёпиб юборсак, фойда бўларди», деганда нимани назарда тутган?

Бу заводнинг дунёда 8000 доллар турадиган машинасини биз ўзбеклар, 16 000 долларга харид қиляпмиз. Ташқаридан машина кирмагани, «бутловчи қисмлар» киргани учун давлат бюджетига тўлов тушмайди. Корхона фойда олса, акциядорлари кўради. У аслида банкрот ҳолатидадир
», деди Баҳриев.

Журналистнинг таҳлилига кўра, UzAuto Motors заводи бўлмаса ва 130 минг дона автомашина Ўзбекистонга четдан ўртача 8000 доллар нархда олиб кирилса ва ҳозиргидек 50-70 фоиз эмас эмас, 10 фоиз тўлов жорий этилса ҳам, бюджетга 1 миллиард доллардан зиёд тушум тушади.

«Бундан ташқари, енгил автомобиллар импорти орқали ҚҚСдан давлат бюджетига тушадиган маблағлар 200 миллион долларни ташкил этади. Давлат бюджетидан «Ўзавтосаноат» барча ходимларига иш ҳақини автомобилларни ишлаб чиқармагани учун тўла ҳажмда компенсация қилиб бериш мумкин.

Афсуски, ҳозирча бу монополист ҳукуматга яқин вақт ичида чет элда ишлаб чиқарилган машиналарни Ўзбекистонга олиб кирганлик учун бож тўловлари қийматини пасайтириш, бозорни монополиядан чиқариб, рақобат муҳитини яратишга имкон бермаяпти».

Шавкат Мирзиёев Андижондаги машина заводи ҳақида: «Бу завод номигагина, ҳеч кимга фойдаси йўқ».

Журналист биз билан суҳбат давомида Ўзбекистонда машиналар, телевизорлар ва бошқа маиший техникалар импорт қилинган бутловчи қисмлардан йиғилиши ва дунё нархидан икки баробар қимматга сотилиши, лекин завод ва фабрикаларимиз банкрот ҳолатида эканига урғу берди.

Унга кўра, дунёда худди шу бутловчи қисмлардан машиналар ва маиший техникани йиғишади ва биздан икки баробар арзон сотишади ҳамда фойда кўришади.

«Дунё авиакомпаниялари бизникидай ёнилғи ёқади ва шу самолётларни тасарруф қилади, билетини бизникининг ярим нархида сотади ҳамда фойда кўради. Бизнинг авиакомпаниямизда дунёдаги авиакомпанияларники каби ёнилғида ва уларники каби самолётларда учамиз ва билетларимиз дунё нархларидан икки баробар қиммат, лекин бизнинг авиакомпаниямиз банкрот ҳолатида... Бу қанақа иқтисод, биродарлар?!

Бошқа турли давлатларда ҳам шу қисмлардан машина йиғилади ва улар рақобатбардошлидир, уларнинг машинаси бизникидан арзон. Нега бизнинг автозаводимизники қимматга тушади?!

Балки, бизнинг автозавод ишчиларига Япония, Корея ёки Туркия заводиникидан кўп маош тўлар? Йўқ, улар маошининг бешдан бирини ҳам бермайди. Балки, у ерларда электр энергияси, ижара ҳақи, ер қиймати, солиқлар бизникидан қимматдир? Йўқ, бизда булар беш-ўн баробар арзон. Балки, бизнинг автозаводимиз улардан кўпроқ солиқ тўлар? Йўқ, бизнинг автозаводимиз йиллар давомида деярли барча солиқлардан озод қилинган.

Унда нега шунча харажати билан уларнинг автомобили арзон, шунча имтиёзлар билан бизники қимматга тушади?
», деган саволлар мени кўп қийнайди, ўйлантираверади, деди Карим Баҳриев.

Журналист саволга яна ўзи жавоб бераркан, бунинг бош сабаби тизимнинг самарасизлиги ва коррупциялашгани эканини айтди.

«Коррупциянинг сабаби эса монополиянинг мавжудлиги ва ясама протекционизмдир.
Маҳсулот қийматини пасайтириш учун харажатларни камайтириш, янги технологиялар киритиш ва бошқа чоралар кўриш ўрнига ҳар гал нарх оширилади, яъни заводнинг муаммолари халқ ҳисобидан ҳал этилади. Халқ бошқа арзон машина оламан деса, йўлига тўсиқлар барпо этилади, яъни «маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳимояланади».

Заводимиз бўлмай, чет эл автомобилларини бемалол олсак, халқда танлов бўларди ва арзон оларди. Давлатга ҳам бу заводдан фойда йўқ, чунки четга сотган машиналарининг валютасига янги машиналари учун бутловчи қисм олади. Солиқ ҳам тўламайди, озод қилинган. Молиявий аҳволи оғир бўлгани учун давлат дивиденд ҳам ололмайди. Қолаверса, кирадиган автомобилларга божлар миқдори камайтирилса, халқ ўн минглаб машина олиб кирарди ва улардан бюджетга юз миллионлаб валюта тушарди
», – деди у.

Карим Баҳриев суҳбат давомида кўпчилик экспертлар каби ўзбек автомобилсозлиги бир гуруҳ шахслар учун даромад манбаи бўлиб қолаётганини урғулади.

«Агар «автомобилсозлигимиз фахри»дан бирор фойда бўлса, буни ҳали биз ёруғликка олиб чиқолмаётган бир гуруҳ шахслар кўради. “Иш ўринлари яратилди» дейишлари мумкин. Бу завод бўлмаса, келадиган фойдага бундан юз баробар кўп иш ўринлари яратиш мумкин», – деди у.

Журналист японлар ё немисларнинг заводлари келса ва заводлар ўнта бўлса-ю, маҳаллий ишлаб чиқарувчига имтиёзлар сақланиб қолинса, аҳвол барибир шу ҳолича қолавериши мумкинлигини таъкидлади.

Унга кўра, ҳукумат машина олиб кириш учун божхона тўловларини мўътадиллаштириши керак, токи харидор ёки сотувчи олиб кириш ва сотишдан фойда олсин. Шунда харидор танлаб, мақбул машинани мақбул нархда олади.

«Бу мавжуд заводларни харажатларни камайтиришга, сифатни яхшилашга, ассортиментни кўпайтиришга, рақобатга бардошли бўлишга ундайди. Давлат бюджети олиб кирилаётган автомобиллар учун бож тўловларидан юз миллионлаб доллар маблағга эга бўлади.

Чорак аср мобайнида кўрсатилган «миллий ишлаб чиқарувчига ғамхўрлик”дан монополистлар рақобатбардош бўлмади ва яна юз йил шу йўсинда давом этса, ўзгармайди. Фақат ашаддий, ошкора ва ҳалол рақобат ривожланишга мажбур қилади.

Етар энди, дейилишига қарамасдан, монополист гуруҳлар «яна бир йил ё икки йил онамни эмиб, ўзимни тутиб олай» деб тамшанадиган гўдак каби тармашиб тураверадилар, фароғат ҳолини сақланиб қолиши учун лоббистлик нолишларини тўхтатмайдилар
», – деди журналист Карим Баҳриев.

Дониёр Ғаниев: «UzAuto Motors эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни локализация қилмагани етмагандек, ҳатто маҳаллий тадбиркорлар ишлаб чиқарган эҳтиёт қисмларни ҳам харид қилмайди».

Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев 11 март куни ташкил қилинган депутатлар, «Ўзавтосаноат» ва UzAuto Motors вакиллари ўртасидаги мулоқотда қатнашган эди.

Суҳбат давомида айтишича, учрашув жуда қисқа бўлгани учун депутатлар ўзлари томонидан берилган саволларга кўнгилдагидек жавоб ололмаган. Шунингдек, учрашув хабари депутатларга жуда оз вақт қолганда айтилган.

«Шахсан мен учрашув хабарини ярим соат олдин эшитдим ва табиийки, унга тайёргарликсиз, қўлимда аниқ факт ва рақамларсиз қатнашишга тўғри келди.

Натижада кўтарилган масалалар, жумладан Расул Кушербаев ва Нодир Жумаев фикрлари компания вакиллари томонидан ёлғонга чиқарилиб, депутатларни популизмда айблашди.

Ўзлари эса олиб келган қандайдир рақамлар билан тинимсиз гапни айлантираверишди. Вақт қисқа бўлганлиги учун уларнинг рақамларини ўша ернинг ўзида фактчек қилиб бўлмади
», деди депутат.

Унинг айтишича, UzAuto Motors фаолиятининг ҳақиқий ҳолати ҳақида мулоқотдан бир кун кейин Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўз муносабатида компания машиналарининг нархи ташқи бозорларда ички бозордан 20-50 фоиз арзонлиги, машиналарнинг сифатсизлиги, корхона тенг бўлмаган рақобат шартларида фаолият юритаётганини расман тасдиқлаган эди.

Қолаверса, Давлат солиқ қўмитаси ҳам автомобил нархида ҚҚС юки 5-6 фоиздан ошмаслигини айтиб ўтди.
Кўриниб турибдики, учрашувда ёлғон гапирган депутатлар эмас, балки UzAuto Motors вакиллари бўлиб чиқмоқда.

Дониёр Ғаниев учрашувда корхонанинг яна бир қатор хурмача қилиқлари айтилмай қолганини таъкидлади.
«Масалан, мижознинг аввалдан 85 фоиз тўлов қилиб, машинани эса камида 3 ойдан кейин олиши. Компания эса бу пайтда пулни банкда сақлаб, маза қилиб банкдан фоиз олиши мумкин.

Мисол учун, Gentra учун мижоз олдиндан 85 фоиз, яъни 100 млн. сўм тўлаб машинани 3 ой кутаётганда, компания бу пулни банкда сақлаб энг ками қайта молиялаш ставкасининг (16 фоиз) ўзида қўшимча 4 млн. сўм даромад қилиши мумкин. Бу нима дегани? Бу – автомобил нархлари аслида мижоз учун яна 4 фоиз қимматга тушмоқда дегани. Чунки харидор машина учун олдин тўловни амалга оширмай пулини банкда сақлаганда, қўшимча 4 млн сўм топган бўларди.

Компания хомашё ва бутловчи қисмларини бемалол 3 ой қарзга олиб ишлай олиши мумкинлигини инобатга олсак, у деярли пул тикмасдан ҳам фойда қилади. Бундай бизнес модели дунёнинг бирор давлатида топилмайди
», дейди у.

«Биз UzAuto Motors вакилларини парламентда савол-жавобга чақириб юрибмиз. Аслида улар яратган бизнес моделлари учун Нобел мукофоти олгани Швецияга бориши керак».

Депутатга кўра, компания маҳаллийлаштириш (локализация) масаласида негадир эҳтиёт қисмларни ўзимизда ишлаб чиқаришдан кўра, четдан импорт қилишни маъқул кўрмоқда.

«Энг ачинарлиси, UzAuto Motors эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни локализация қилмагани етмагандек, ҳатто маҳаллий тадбиркорлар ишлаб чиқарган эҳтиёт қисмларни ҳам харид қилмайди. У фақат импорт қилади.
Эҳтиёт қисмларнинг қиммат бўлса-да импорт қилинишидан фойдани ким оляпти? Бу – жуда кичик мисол. Билмаган ҳолатларимиз қанча
», дейди депутат.

Дониёр Ғаниевнинг хулоса қилишича, ҳукумат томонидан UzAuto Motorsʼни келаси 2 йил ичида хусусийлаштириш бўйича қатъий чоралар кўрилиши лозим.
Бунда давлат улушининг камида 75 фоизини инвесторларга, қолган қисмини эса корхона ишчиларига сотиш тўғри бўлади.

«Иккинчидан, келгуси 3 йил ичида импорт қилинадиган янги автомобиллар учун акциз солиғини 10 фоизгача босқичма-босқич тушириш лозим. Шу орқали ички автомобил бозорида соғлом рақобат шаклланади, юртдошларимизга эса кенг танлов имконияти берилади. UzAvto Motorsʼга ҳам бозор шароити ва рақобатга мослашиб олиши учун имконият берилади», деди депутат.

Камолиддин Раббимов: «Инсонларни танлашдан маҳрум қилиш – тарихий маънавиятсизлик, уятсизлик ва шафқатсизликдир»

Фото: Камолиддин Раббимовнинг Facebook саҳифасидан олинди
«Айни пайтда Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш соҳаси икки марта кучайтирилган монополия қўлида қолмоқда», дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Таҳлилчи фикрини асослар экан, қуйидагиларни мисол келтирди:
«Биринчи монополия – Ўзбекистонда ягона автомобил ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд, миллий давлат доирасида унинг бирорта ҳам рақиби мавжуд эмас. Иккинчи даражадаги монополия – ташқи дунёдан автомобил олиб кириш учун олиб кирилаётган автомобил нархига тенг бож тўлови назарда тутилади.

Бу вазият шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш ўзбекистонликлар учун энг аёвсиз эксплуатация манбаи бўлиб қолмоқда
», дейди у.

Раббимовга кўра, Ўзбекистон кўплаб мулозимларнинг таъбири билан айтганда, шу пайтгача “қаттиқ авторитар” давлат бўлиб келди. Кейинги йилларда эса, вазият ўзгармоқда.
«Айнан «қаттиқ авторитаризм» одамларнинг, жамиятнинг фикри ва манфаатлари билан ҳисоблашмасдан, уларни эксплуатация қилиб келди.

Бутун дунёда автомобил – оддий ҳаракатланиш воситаси ва ойликларга нисбатан у қадар қиммат бўлмаган буюм ҳисобланади. Масалан, Францияда энг кам ойлик ҳақи, тахминан 1500 евро бўлса, мутлақ янги, беш ўринли ва сифатли автомобиллар 25-30 минг евро атрофида туради. Бундан ташқари, янги автомобил олишда асосан ойма-ой тўлаш назарда тутилади. Ўзбекистонда эса, одамлар учун автомобил олиш ниҳоятда машаққатли, умр бўйи амалга ошириш керак бўладиган ҳаётий катта вазифа даражасига кўтарилган
», дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимизга кўра, ҳар қандай ривожланишни ўйлаётган давлат ва ҳукумат, ҳаракатланиш воситалари, транспорт воситалари ва ёнилғиларни имкон қадар арзонлаштиришга интилади. Бу орқали ҳукумат тезроқ ва сифатлироқ миллий бойлик яратишни мақсад қилади.

Тараққиёт ва фаровонликнинг асосий ўлчовларидан бири – меҳнат фаолиятидаги якка шахснинг иш соатлари самарадорлиги ҳисобланади.

«Бу самарадорликнинг икки мезони бор. Биринчиси – иш соати мобайнида қанчалик кўп ва сифатли маҳсулот ёки хизмат ишлаб чиқарилади.
Иккинчиси, мана шу иш соатига нисбатан берилган ойликка қанчалик кўп ва сифатли маҳсулот ёки хизмат сотиб олиш мумкинлиги.

Афсуски, Ўзбекистонда меҳнат қилаётган инсоннинг умри, меҳнати жуда арзон ўлчанади. Автомобил мисолида, битта машина меҳнат қилаётган инсоннинг жуда кўп йиллик умрига тенг ҳисобланиши билан дунёдаги энг қиммат автомобил ва энг арзон иш ҳақи намоён бўлади.

Бу вазиятнинг ҳам иккита асосий сабабчиси мавжуд. Биринчиси, инсон ҳаёти қадрланмаслиги ва иккинчиси, соҳанинг монополистик ҳолати. Аслида, монополия соҳани қутқармайди, аксинча, секин ва оҳиста шаклда ўлдириб боради. Чунки бутун бир жамиятни танлашдан маҳрум қилиб, уларнинг ҳаётини монополия қилиб олган соҳа ривожланиши, глобал миқёсда рақобатбардош бўлиши мумкин эмас
», – дейди таҳлилчи.

Камолиддин Рабимов суҳбат давомида монополияларни миллий тараққиёт қонини сўраётган канага ўхшатди.
«Монополия миллий тараққиёт қонини сўраётган канага ўхшайди. Бунга Ўзбекистондаги автомобил ишлаб чиқарувчи монополия, энг муносиб мисол бўла олади», деди у.

Сиёсий таҳлилчига кўра, инсонларнинг умри чекланган, меҳнат қилиш қобилияти чекланган, шундай экан, уларни эксплуатация қилиб, танлашдан маҳрум қилиш – тарихий маънавиятсизлик, уятсизлик ва шафқатсизлик ҳисобланади.
Йигирманчи аср бошида дунёдаги биринчи автомобил ишлаб чиқарувчи давлат АҚШ бўлса, иккинчиси – Франция эди.

Франция 1913 йилда автомобил экспорти бўйича дунёда биринчи ўринда турарди. Лекин ҳозирга келиб, Франция бу лидерликни йўқотган. Нима учун? Йигирманчи аср ўрталарида Франция ҳам ташқи бозорга ёпилиши натижасида ички бозор монополиялар қўлига ўтади. Лекин Ўзбекистондан фарқли равишда, Франциянинг ички ишлаб чиқарувчилари ҳеч қачон ягона монополистнинг қўлида қолишмаган, доимий равишда Рено, Ситроен, Пежо компаниялари ўртасида рақобат бўлган.

«Ўзбекистон агар ўз автомобил соҳасини ривожлантиришни ўйласа, ташқи дунёдан автомобиллар киришини эркинлаштириши керак. Табиийки, монополист бўлган UzAuto Motors бунга тўлиқ рози бўлмайди. Лекин агар бу компания ривожланишни ўйласа, эркин муҳитда яшаб қолиш чораларини излаши керак. Бунинг учун янгича фикрлайдиган қадрларни топиши ва ўз режаларини монополиясиз амалга оширишни бошлаши керак бўлади», деди Камолиддин Раббимов.

Илёс Сафаров суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » UzAuto Motors ҳақида: «Инсонларни танлашдан маҳрум қилиш – тарихий маънавиятсизлик, уятсизлик ва шафқатсизликдир»