22:00 / 18.03.2020
6 151

UzAuto Motors умуман шикоят тушмаслигига эришиш учун янги сотувлар стратегиясини ривожлантирмоқчи

UzAuto Motors умуман шикоят тушмаслигига эришиш учун янги сотувлар стратегиясини ривожлантирмоқчи
UzAuto Motors компанияси аҳолини сифатли хизмат кўрсатиш билан таъминлаш, шикоятлар ва салбий мулоҳазаларни камайтириш ва келгусида умуман шикоят тушмаслигига эришиш учун янги сотувлар стратегиясини ривожлантирмоқчи. Бу ҳақда компания томонидан баёнот берилган.

«Бугунги кунда UzAuto Motors компанияси сотувлар стратегиясини ўзгартириш бўйича катта ишларни амалга оширмоқда. Улар доирасида мижозларга хизмат кўрсатиш, сервис хизматини бажариш сифатини ошириш ва дилерлик тармоғини кенгайтириш глобал дастурини татбиқ этмоқда. Асосий мақсад — аҳолини сифатли хизмат кўрсатиш билан таъминлаш, шикоятлар ва салбий мулоҳазаларни камайтириш ва келгусида умуман шикоят тушмаслигига эришиш.

Сотув ва мижозларга хизмат кўрсатишнинг асосий шахобчалари сифатида, дилерлик марказлари истеъмолчи билан ўзаро муносабатларнинг ягона нуқтаси саналади. Сир эмаски, бугунги кунда барча дилерлар ҳам ўз функцияларини виждонан бажармоқдалар, деб бўлмайди. Сифатсиз хизмат тақдим этиш ҳолатлари учраб турмоқда, бу эса, шубҳасиз, компания обрўсига путур етказади. Кафолатли хизмат кўрсатишдан бўйин товловчи ёки дилернинг харидор олдидаги мажбуриятлари тўғрисида нотўғри ахборот берувчи дилерлар учраб туради. Айнан шу сабабли расмий дилерлар томонидан мижозларга самарали ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш — UzAuto Motors компанияси устуворликларидан биридир.

Дилерлар учун мижозларга хизмат кўрсатишнинг халқаро талабларга мувофиқ келувчи ягона стандарти ишлаб чиқилади ва тадбиқ этилади. Ушбу стандартлар нафақат мажбурий сотуволди ва ундан кейинги таомилларни, балки ходимлар хатти-ҳаракатининг умумий маданияти, савдо заллари безатилиши, мижозлар учун қулайликлар яратиш ва ҳоказоларни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, UzAuto Motors томонидан хизмат кўрсатиш стандартлари ва кафолат хизмат кўрсатилиши бўйича мажбуриятларни бузувчи дилерлар учун жарима қўллаш тизими ҳам ишлаб чиқилди. Ушбу тизим қоидабузарлик турига қараб жарима қўллашни ва кўп бора (тўрттагача) қоидабузарлик рўй берган ҳолда дилерлик келишуви бутунлай бекор қилинишини кўзда тутади.

UzAuto Motors экспорт дилерлик тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади, унинг доирасида компания экспорт бозорларида «Chevrolet» автомобилларини илгарилатиш бўйича ҳамкорликка таклиф этади.

Дилерлар фаолиятидаги муҳим йўналиш компаниядаги корпоратив сотувлар ва сервис ривожланиши саналади. Бугунги кунда UzAuto Motors давлат тузилмалари, ҳар қандай мулкчилик шаклига эга, турли тармоқларга тегишли, турфа кўламдаги компаниялар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ва автомобиллар сотилишида ва корпоратив мижозлар автопаркига сервис хизматини кўрсатишда махсус шартлар таклиф этади. Шу сабабли, автомобиль сотиб олишнинг махсус дастурлари доирасида дилерлар ҳар бир корпоратив мижозга индивидуал ёндошувни таъминлашлари лозим.

Ҳурматли харидорлар, UzAuto Motors компанияси сифатли хизмат кўрсатилувчи замонавий дилерлик тармоғини яратишни ўзининг мақсади деб билди. Компания учун харидорлар ҳуқуқлари бузилиши ёки дилерлик марказларларида сифатсиз хизмат кўрсатилишининг ҳар бир ҳолати ҳақида билиш уларни бартараф этиш учун муҳим саналади.

Агар сиз шундай ҳолатларга дуч келсангиз, тезкор алоқа линияси (78) 147 14 14, колл-марказ (78) 141 77 77 ёки @UzAutomoto_bot орқали UzAuto Motors компаниясига мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади компания томонидан берилган баёнотда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » UzAuto Motors умуман шикоят тушмаслигига эришиш учун янги сотувлар стратегиясини ривожлантирмоқчи