20:10 / 15.07.2020
4 049

Сергели автомобиль бозори қачон ва қаерга кўчирилади?

Сергели автомобиль бозори қачон ва қаерга кўчирилади?
Фото: Ramiz Baxtiyarov
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган автомобиллар бозори кўчирилиши ҳақида бир неча йилдан буён турлича маълумотлар тарқалиб келади. Kun.uz мухбири бу борадаги саволларга аниқлик киритиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бозорлар ва савдо комплекслари департаменти Савдо бўлими бошлиғи Фарҳод Туляганов билан боғланди.

— Мана 2-3 йилдирки, Сергелидаги автомобиллар бозори кўчирилиши ҳақида турли гап-сўзларни эшитяпмиз. Бу сафарги хабарлар ҳаққонийми, яъни бу масалада ва якуний муддатлар бўйича аниқ тўхтамга келиндими?
— Бу миш-миш эмас, тарқалган хабарнинг асоси бор. Хусусан, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Зангиота ва Сергели туманларига ташрифлари давомида берилган топшириқлар ҳамда Сергели туманида жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган учрашувда бу масала кўтарилган.

Ушбу ташриф давомида Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликларига «Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари Сергели бозори» МЧЖ (яъни автобозор)ни кўчириш бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Аммо бу бугун ёки эртага бозор кўчирилади, дегани эмас. Аввал тегишли таклиф-лойиҳа ишлаб чиқилади. Мутасадди ташкилотлар билан келишилиб, барча лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқланганидан кейингина қурилиш ишлари бошланади.

Янги, замонавий бозор қуриб битказилганидан кейин эса кўчириш масаласини кўтариш мумкин. Ўша пайтда ҳозирги автобозорда фаолият кўрсатаётган барча тадбиркорларга савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш объектлари ва бошқалар тақдим этилади. Ҳеч бир тадбиркор кўчада қолиб кетмайди.

Хусусий савдо дўконлари эгаларига қонунда белгиланган тартибда компенсация пуллари тўлаб берилади. Бироқ бунинг муддатлари ва тартиби ҳақида гапиришга ҳали эрта.

— Бу бозор Сергели тумани ва Тошкент шаҳри бюджетига салмоқли ҳисса қўшади. Вилоят ҳудудига кўчирилганидан сўнг ҳам у пойтахт бошқарувида қоладими? Солиқлар қайси ҳудудга тўланади?
— Ҳақиқатан хам бу бозор маҳаллий бюджетга салмоқли ҳисса қўшади. Бундан кейин ҳам бу жараён давом этади. Фақат шу пайтгача солиқ кўринишидаги тушумлар бир чўнтакка тушган бўлса, кейин иккинчи чўнтакка тушади холос. Умумий олганда республика бюджетига тушумлар ўзгармайди. Аксинча, янги бозор кенгайиши ҳисобига тадбиркорлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади ва бюджетга солиқ кўринишида қўшимча даромад тушиши ортади.

— Албатта, пойтахтнинг гавжум туманидаги тиғизликни камайтириш учун бозорни кўчириш режаси ўринли. Лекин узоққа қатнаш ноқулайлиги онлайн бозорлар ривожланишига, бунинг ортидан йиғимлар камайишига сабаб бўлмайдими, лойиҳа хуфиёна иқтисодиётга сабабчи бўлиб қолмайдими?
— Ҳозир янги бозор айнан қаерда қурилиши аниқ эмас. Тошкент вилоятининг шаҳримизга чегарадош ҳудудлари кўп, Тошкент шаҳри ва вилояти ўртасида қатнов масаласида муаммо бўлмайди. Ўйлашимизча, пойтахтдан унчалик узоқда бўлмайди. Ҳамма учун бирдак қулай жой танланади, деб ўйлайман.

Онлайн бозор ривожланиши қўрқинчлик холат эмас, бутун дунёда онлайн савдолар ривожланмоқда. Хуфиёна иқтисодиётга бунинг асло алоқаси йўқ.

— Бозор ўрнида бўшаган майдон тақдири бўйича якуний хулосага келинганми?
— Юқорида айтилган ташриф баёнида Бош вазир ўринбосари ҳамда Молия вазирлигига «Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари Сергели бозори» МЧЖ ўрнида лойиҳа қиймати 32,2 млн АҚШ доллари бўлган янги турдаги автомобилларга хизмат кўрсатиш «Car Box Service» лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳисоб-китобларни қайта кўриб чиқиб, таклиф киритиш белгиланган.

Ўйлайманки, ушбу лойиҳа ҳам мутасадди ташкилотларнинг мутахассислари томонидан ҳар томонлама пухта режа асосида қайта кўриб чиқилиб, муносиб таклиф киритилади.

— Сергели туманини марказ билан боғлашда тирбандликларни камайтириш мақсадида пуллик йўл режаси эълон қилинганди. Тирбандликнинг асосий сабабчиси йўқотилганидан кейин у лойиҳанинг келажаги нима бўлади?
— Сергели туманидаги асосий йўлнинг тирбандлигига автобозор асосий сабабчи эмас. Маълумки, Сергели автобозорига асосан шанба ва якшанба кунлари харидорлар кўп борган. Аммо Сергели туманидаги асосий йўлда шанба ва якшанбадан ташқари кунларда ҳам тиғиз пайтларда доим катта тирбандлик кузатилади.

Автобозорнинг кўчирилиши билан туманга бориб-келишдаги тирбандлик муаммоси қисман ечилгани билан, тўлиқ ҳал бўлиб қолмайди. Шу сабабли Сергели туманига олиб борадиган янги йўл қурилиши долзарблигича қолади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Сергели автомобиль бозори қачон ва қаерга кўчирилади?