14:07 / 14.12.2020
4 900

Tesla’дан уч баробар арзон «Кама-1» электромобили тақдим этилди

Tesla’дан уч баробар арзон «Кама-1» электромобили тақдим этилди
Фото: Meduza
«КамАЗ» компанияси Москвада «Кама-1» ишчи номи остидаги электромобилини тақдим этди. Тақдимот 10 декабрь куни «Вузпромэкспо-2020» кўргазмасида бўлиб ўтган, деб хабар беради Meduza.

Электромобилни яратиш устидаги ишлар 2018 йилда бошланган. Унинг лойиҳаси Санкт-Петербург политехника университети томонидан тайёрланган. Компаниянинг маълум қилишича, электромобиль ҳозирча саноат серия олди нусхаси мақомида ва у барча синов ҳамда сертикация жараёнларидан ўтган.

Уч эшикли «Кама-1» кроссовери тўрт кишига мўлжалланган. У бир марта қувватланиш орқали 250 километр йўл боса олади, соатига 150 километр тезликда эса бир соат ҳаракатланади ва 50 даража совуққа ҳам бардошли. Машинанинг 100 км/соат тезликка эришиши учун 6,7 сония кифоя. Автомобиль узунлиги 3,4 метрни, эни — 1,7 метрни, баландлиги — 1,6 метрни, клинерс — 160 миллиметрни ташкил этади. Россия автомобиль нашрлари янги моделни «КамАЗ» томонидан ишлаб чиқарилган «Ока»га қиёсламоқда.

Электромобил 33 киловатт-соат сиғимга эга аккумулятор ва 80 киловаттли электродвигателга эга бўлган. Аккумуляторнинг тўлиқ қувватланиши учун олти соат керак (70-80 фоиз — 20 дақиқада). Шунингдек, «Кама-1» учинчи даражали ADAS электрон тизими билан жиҳозланган бўлиб, у ҳайдовчига машинани бошқариш ёки автотураргоҳга жойлаштиришга ёрдам беради.

Электромобиль нархи 1 миллион рубль атрофида (13,7 минг доллар). Таққослаш учун: энг арзон Tesla электромобили — Model 3’нинг АҚШдаги нархи 37 990 долларни ташкил этади. «Кама-1» савдолари 2021 йилдан бошланиши кутилмоқда. Ишлаб чиқарувчи йилига 20 мингга яқин шу турдаги моделни сотишни режа қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Tesla’дан уч баробар арзон «Кама-1» электромобили тақдим этилди