23:10 / 29.12.2020
3 362

UzAuto Motors 562 млрд сўмлик даромаддан қуруқ қолганида жамоатчиликни айбдор қилди

UzAuto Motors 562 млрд сўмлик даромаддан қуруқ қолганида жамоатчиликни айбдор қилди
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors’га нисбатан «махсус буюртма» асосида турли бўҳтон ва асоссиз хабарларнинг тарқатилиши нафақат миллий бренднинг нуфузига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам салбий таъсирини кўрсатмоқда. Бу ҳақда компаниянинг юридик департаменти директори Рустам Шаймарданов муаллифлиги остида чиқарилган мақолада айтилган.

Қайд этилишича, бундай хабарлар тарқалиши 2020 йилнинг август–сентябрь ойларида UzAuto Motors кунлик тушумининг қарийб 30-40 миллиард сўмга кескин камайишига олиб келган, оқибатда компаниянинг бу ойдаги тушуми 562 миллиард сўмга кам чиққан.

«Бундай йўқотишлар, албатта, компаниянинг мазкур тушумларга мутаносиб равишда давлат бюджетига солиқ ва бошқа ижтимоий тўловлар тўлашига тўсқинлик қилган. Маблағ тақчиллиги юзага келиши оқибатида сентябрь ойида режалаштирилган аккредитив тўловлари ва хорижий ҳамкорларга йўналтириладиган тўловлар октябрь–ноябрь ойларида кечиктириб тўланган», — дейилади хабарда.

Иккинчидан, компанияда айтилишича, ушбу хабарлар Ўзбекистон автосаноат соҳасининг инвестиция жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Учинчидан, UzAuto Motors инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, заводнинг техник жиҳозларини модернизация қилиш ва айланма маблағларини кўпайтириш борасидаги хорижий ҳамкорлар билан 150 миллион евро миқдоридаги келишувнинг кечикишига сабаб бўлган.

Бундан ташқари, компания 2020 йилда эришган асосий ютуқлар ҳам санаб ўтилган:
  • ишлаб чиқариш ҳажми сўнгги 3 йилда икки баравар — 140 донадан 280 минг донага етди;
  • савдо тизимини рақамлаштириш натижасида автомобиллар савдоси шаффофлигига эришилди;
  • соҳада рақобатни кучайтириш мақсадида Жиззах вилоятида энг йирик жаҳон брендларидан бири бўлган, Германиянинг Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди;
  • экспорт ҳажми қарийб 1,5 бараварга (2019 йилда — 3 бараварга) ошди;
  • соҳага инвестиция ҳажми 2020 йил якунига кўра 100 миллион доллардан ошди (ўтган йили 70 миллион долларга ошган);
  • бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга 5 триллион сўмдан ортиқ маблағ тўланди (ўтган йили 2,6 триллион сўм тўланган);
  • 2020 йилнинг октябрь ойида аудит якунларига кўра компания халқаро BIQ IV (Built-in quality) сифат даражасини олди;
  • ҳар 1000 дона автомобилга 15 нуқсонли ҳолатлар тўғри келди (жаҳон кўрсаткичи ўртача 28 тани ташкил этади).

Эслатиб ўтамиз, депутат Расул Кушербаевнинг танқидлари ортидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузиш аломатларини аниқлаган ва 2020 йилнинг июль ойида UzAuto Motors’га нисбатан иш қўзғатганди. Қўмитанинг 2020 йил 19 август куни ўтказилган йиғилишида махсус комиссия томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини асоссиз оширганини тасдиқлаган. Унга кўра, автомобиллар нархи 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширилгани аниқланган. Қўмита нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган. UzAuto Motors эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.

Мазкур ўрганиш натижалари омма учун эълон қилингач UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор устидан судга шикоят қилишини билдирганди ва кейинроқ компания Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилгани маълум бўлганди.

23 октябрда бўлиб ўтган суд мажлисида UzAuto Motors четдан олиб келинган бутловчи эҳтиёт қисмларнинг нархи ошиши, хорижий валюта курси ошиши таннархларнинг шакллантиришида таъсир қилишини таъкидлаб, Монополияга қарши курашиш қўмитаси бу ҳолатни ҳисобга олмаганини билдирган. Бунга жавобан қўмита вакиллари текшириш давомида бир неча маротаба ҳужжатлар тақдим этиш сўралганида компания томонидан тегишли ҳужжатлар ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, текшириш муддати якунланишига кам вақт қолганлиги сабабли умумий ҳисоб-китоблар танлов асосида ўрганиб чиқилганлигини маълум қилган.

Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан аризачи UzAuto Motors’нинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси қаноатлантирилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси 18 ноябрь куни UzAuto Motors иши бўйича Тошкент шаҳар маъмурий суди қарори устидан аппеляция шикоятини киритди. Тошкент шаҳар маъмурий судида 18 декабрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитасининг мазкур апелляция шикояти кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, биринчи инстанция судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарори ва хусусий ажрими ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » UzAuto Motors 562 млрд сўмлик даромаддан қуруқ қолганида жамоатчиликни айбдор қилди