15:49 / 28.07.2021
2 725

Ўзбекистонда энди «тонировка» рухсатномаси фақат ягона портал орқали берилади


«Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга кўра, автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) ишлари автотранспорт воситаси эгаси томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Автотранспорт орқа ойнасининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш), шунингдек, олд ойнасининг тепа қисми тусини 14 сантиметрдан кўп бўлмаган полоса шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома талаб этилмайди. Рухсатнома 1 йил муддатга берилади.

Ариза берувчи томонидан рухсатнома учун тўлов 10 кун муддатда амалга оширилади. Рухсатнома аввал берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатигача қайта расмийлаштирилади. ЯИДХП орқали рухсатномани қайта расмийлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 1 сентябрдан ҳайдовчилардан транспорт бошқариш учун ишончнома ва «тонировка» рухсатномасини талаб этиш тартиби бекор қилиниши ҳақида хабар берилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Ўзбекистонда энди «тонировка» рухсатномаси фақат ягона портал орқали берилади