00:20 / 04.05.2022
2 252

Россия ҳарбийлари «Азовстал»ни яна штурм қила бошлади

Россия ҳарбийлари «Азовстал»ни яна штурм қила бошлади
Фото: PETER KOVALEV/TASS
Россиялик ҳарбийлар Мариуполдаги украин ҳарбийлари қаршилигининг сўнгги қалъаси бўлиб қолаётган «Азовстал» заводини штурм қилишга киришди. Дам олиш кунлари комбинат ҳудудидан у ерни бошпана қилган тинч аҳоли вакилларининг бир қисми эвакуация қилинганди.

Бу ҳудудга зарбалар бериш бир кун олдин бошланган, сешанба куни эса россиялик ҳарбийлар бир неча йўналишларда «Азовстал»ни штурм қилишга киришган.

«Қарийб бир кун давомида артиллерия ва авиация орқали ўт очилиб, тайёргарлик кўрилди. Автобуслар жўнаб кетгач, танаффус бўлди. Улар тунда ҳам, кундузи ҳам зарба бера бошлади ва ҳозир бир неча жойдан заводни штурм қилишга ўтишди. Мудофаани ушлаб турамиз ва қарши курашамиз», дея Мариупол полиция бошқармаси бошлиғи Михаил Вершининнинг сўзларини келтирган украин телевидениеси.

Аввалроқ штурм бошлангани ҳақида украиналик ҳарбий корреспондент Андрей Цаплиенко ҳам хабар берганди.

«Ҳозир улар завод ҳудудига бостириб киришга уринишмоқда», дея ёзди у ўз телеграм-каналида ва бундан олдин авиация бир неча соат давомида «Азовстал»ни бомбалаганини қўшимча қилди.

«Йирик ёнғин келиб чиқди, унинг тутуни Мариуполнинг барча нуқталаридан кўриниб турибди», деган Цаплиенко.

Корхона ҳудуди штурм қилинаётгани тўғрисидаги хабарни «Украинская правда»га «Азов» полки командири ўринбосари Святослав Паламар тасдиқлади. «Тун бўйи бизга авиабомбалар ёғдиришди, тинч аҳоли вакиллари бўлган икки аёл ҳалок бўлди, ҳозир эса Азовстал штумр қилинмоқда», деган у.

«Биз биламиз, президентга [Володимир Зеленский] Мариуполдаги вазият ҳақида ҳисобот беришган ва у қўлини пульсда тутиб турибди. Шунинг учун биз ундан қатъий ҳаракатлар кутамиз, чунки вазият жуда мураккаб», деган полк вакили.

Россия мудофаа вазирлиги «Азовстал» ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар яна тикланганини тасдиқлаган. Вазирлик «украиналик ҳарбийлар «Азовстал»даги сукунат режимидан фойдаланиб, ўт очиш позицияларига чиқишгани»ни билдирган.

«Улар ертўлалардан чиқишди, завод ҳудуди ва биноларида ўт очиш позицияларини эгаллади. Ҳозирда Россия армияси ва ДХР кучлари артиллерия ва авиациядан фойдаланиб бу позицияларни йўқ қилишни бошлади», деган вазирлик вакили Вадим Астафьев.

РИА Новости корреспонденти воқеа жойидан хабар беришича, «Азовстал» ҳудудида артиллерия овозлари эшитилган, завод устида тутун устуни кўтарилган.

21 апрел куни Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгуни қабул қилган чоғида россиялик ҳарбийлар бир неча ҳафта давомида эгаллашга уриниб келган «Азовстал» заводи штурмини мақсадга мувофиқ эмас деб топиб, штурмни тўхтатишга буйруқ берганди.

«Мен саноат зонасига ҳужумни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайман, уни бекор қилишни буюраман. Ҳозир биз аскар ҳамда офицерларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолишни ўйлашимиз керак бўлган вақт. Ушбу саноат объектлари остидаги катакомбаларга тушиб, эмаклаш керак эмас. Мазкур саноат зонасини ҳатто пашша ҳам учиб ўта олмайдиган қилиб, блоклаб қўйинг», деганди Путин заводни эгаллаш учун уч-тўрт кун талаб этилишини айтган Шойгунинг ҳисоботидан кейин.

«Азовстал»дан тинч аҳоли вакиллари эвакуацияси

Уруш бошидан буён «Азовстал» металлургия комбинати ҳудудида Мариуполнинг тинч аҳолиси вакиллари бўлган юзлаб кишилар яширинган. Апрел ойи охирида Россия ва Украина уларни эвакуация қилиш борасида келишувга эришди, ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинди.

1 май куни эълон қилинган видеода «Азов» полки жангчилари «Азовстал» заводи харобалари остидан тинч аҳоли вакилларини эвакуация учун олиб чиқаётгани акс этган. Фото: Azov Special Forces Regiment of the Ukrainian National Guard via AP
30 апрел ва 1 май кунлари стратегик муҳим аҳамиятга эга ҳисобланган Мариуполдаги украин ҳарбийларининг сўнгги таянчи бўлиб қолаётган «Азовстал»дан 100 нафар атрофида тинч аҳоли вакиллари олиб чиқилди.

Россия билан музокараларда Украина делегациясига бошчилик қилаётган Давид Арахамия эвакуация «Азовстал» атрофидаги илк ўт очишни тўхтатиш режими» вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади ва бу режим икки кун амалда бўлди.

Бир кун олдин БМТ ва Қизил Хоч жамияти 3 май куни ҳам Мариуполдан тинч аҳоли вакиллари олиб чиқилиши давом эттирилишига умид билдирди.

Сешанба куни Мариупол мэри Вадим Бойченко Reuters агентлигига завод ҳудудида 200 нафар атрофида тинч аҳоли вакиллари қолганини маълум қилди. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия ҳарбийлари «Азовстал»ни яна штурм қила бошлади