20:13 / 19.05.2022
1 711

Россия яна 771 нафар «Азов» жангчиси таслим бўлганини маълум қилди

Россия яна 771 нафар «Азов» жангчиси таслим бўлганини маълум қилди
Фото: Reuters
Сўнгги 24 соат ичида Украинанинг «Азов» баталонидан 771 нафар жангчи Россияга таслим бўлди, деб хабар бермоқда «РБК» Россия Мудофаа вазирлигига таяниб.

Вазирликнинг расмий вакили Игорь Конашенковнинг сўзларига кўра, 16 майдан буён 1730 нафар жангчи таслим бўлган, улардан 80 нафари ярадор.

«Донецк Халқ Республикасининг Новоазовск ва Донецк шаҳарларидаги тиббиёт муассасаларида стационар даволанишга муҳтож бўлганларнинг барчасига ёрдам кўрсатилмоқда», — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Аввалроқ ДХР раҳбари Денис Пушилин Мариуполдаги «Азовсталь» металлургия заводида қамал қилинган украиналик ҳарбийларнинг ярмидан кўпи завод ҳудудини тарк этганини маълум қилганди.

21 апрель куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия президенти Владимир Путинга Мариупол шаҳри қўлга киритилгани ҳақида ҳисобот берди. Шу билан бирга, давлат раҳбари Киев назоратидаги кучларнинг бир қисми жойлашган «Азовсталь» заводига ҳужумни бекор қилди, бироқ унинг ҳудудини бутунлай тўсиб қўйишни буюрди.

Украина томони заводда Украина Қуролли кучлари ҳарбийларидан ташқари тинч аҳоли ҳам борлигини даъво қилган. Тинч аҳолини эвакуация қилиш 5—7 май кунлари амалга оширилди. ДХР маълумотларига кўра, заводни 176 нафар тинч аҳоли тарк этган.

Бир ярим ҳафта ўтгач, оқ байроқлар кўтарган бир гуруҳ ҳарбий музокарачилар «Азовсталь» ҳудудини тарк этди. Улар ярадорларни эвакуация қилиш йўналишларини муҳокама қилди. Эвакуация жараёни 16 май куни бошланди.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳарбийларни заводдан қутқариш ва Киев назорати остидаги ҳудудга қайтариш бўйича ишлар давом этаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Украинага «улар тирик ҳолда керак».

Шунга қарамай, Россия Давлат Думаси ҳозирда «нацист жиноятчилар»нинг судга тортилиши учун уларни алмашишни тақиқлаш масаласини муҳокама қилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия яна 771 нафар «Азов» жангчиси таслим бўлганини маълум қилди