00:55 / 27.05.2022
1 797

Украинада яна икки россиялик ҳарбий суд қилинмоқда

Украинада яна икки россиялик ҳарбий суд қилинмоқда
«Град» тизими. Бобикин ва Иванов шундай қурилма билан ишлашган
Полтава области Котелевский район судида прокурор уруш қонунлари ва урф-одатларини бузишда айбланаётган россиялик ҳарбий хизматчилар Александр Бобикин ва Александр Ивановга 12 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси беришни сўради.

Айбланувчиларнинг адвокатлари саккиз йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган. Судланувчиларнинг иккиси ҳам судда ўз айбига иқрор бўлган. Суд ҳукми 31 май куни эълон қилиниши белгиланган.

Тергов маълумотига кўра, Бобикин ва Иванов «Град» қурилмаси ҳайдовчиси ва наводкачиси (нишонга олувчи) бўлган ҳамда урушнинг илк кунларида Харков областидаги жангларда иштирок этишган.

Улар Харков областидаги Казачья Лопан ва Ветеринарное посёлкаларида фуқаролик объектларига қурол қўллашда айбланмоқда.

Прокуратуранинг маълум қилишича, Бобикин ва Ивановга буйруқ берган командирларининг шахсини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Қўшимча қиладиган гап йўқ»

Судланувчилар айбига тўла иқрор бўлишган.
«Мен ўзим айбланаётган жиноятлар бўйича айбимни тўлиқ тан оламан. Барчаси ҳақиқатан ҳам шундай бўлган. Биз Россия ва Украина ҳудудида туриб ўт очганмиз. Пушаймонлигимдан ўзга қўшимча йўқ. Мен тўла айбдорман, шунчаки ҳукмдан шикоят қила олмайман», деган судда Бобикин.

«Мен тавба қиламан ва енгилроқ жазо берилишини сўрайман», деган Иванов.

Бобикиннинг адвокати суддан ўз ҳимояси остидаги судланувчи ўз айбига иқрор бўлиб, тавба қилгани учун унга жазони 8 йилга қисқартиришни сўраган.

Ивановнинг ҳимоячиси ҳам саккиз йил сўраган. У ўз ҳимояси остидаги шахс шунчаки ижрочи бўлгани ва зарба бериш тўғрисида қарорни у қабул қилмагани, «ёмон ҳаётдан қутулиш» учун Россия армияси сафига кирганини айтиб ўтган.

«Менинг мижозим чин дилдан пушаймон. У яхши бўлмаган ҳаётдан қутулиш учун РФ армияси билан шартнома имзолаган. У оддий аскар бўлган, қарор қабул қилмаган, нишонни танламаган, шунчаки буйруқни бажарган. Бу олдиндан тил бириктирган шахсларнинг жинояти эди. Менинг ҳимоямдаги шахс - шунчаки ижрочи. Агар саккиз йиллик қамоқ жазоси тайинланса, ҳукм асосли бўлади, деб ҳисоблайман», деган адвокат Ковальчук.

Украинада бу каби жиноятлар учун 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган, муддат вазият, оғирлик даражаси ва жиноятчининг шахсига қараб турлича бўлиши мумкин.

Олдинда - янги ишлар
23 май куни Киевдаги суд Россия армияси сержанти Вадим Шишимаринни қуролсиз тинч аҳоли вакилини ўлдиришда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Шишимарин ўз айбини тан олган, аммо ҳимоя суд ҳукмига апелляция бермоқчи. Унинг устидан суд Украинада россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар бўйича илк суд жараёни бўлди.

Украина прокуратурасига кўра, яна минглаб шу каби даъволар кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада яна икки россиялик ҳарбий суд қилинмоқда