14:28 / 23.07.2022
1 128

Истанбулда дунёда очарчиликнинг олдини олишга қаратилган битим имзоланди

Истанбулда дунёда очарчиликнинг олдини олишга қаратилган битим имзоланди
Фото: AA
Истанбул шаҳридаги «Долмабахче» саройида Украина портларидан ғаллани хавфсиз тарзда олиб ўтишга доир битим имзоланди. Туркия, Россия, Украина ва БМТ ўртасида тузилган муҳим ҳужжат дунёда очарчиликнинг олдини олишга хизмат қилиши кутилмоқда.

«Украина портларидан ғалла ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз олиб ўтиш ташаббуси» деб номланган битим Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш шафелигида имзоланган. Ҳужжатга мезбон давлат номидан Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар, Россия номидан мудофаа вазири Сергей Шойгу, Украина номидан инфраструктура вазири Александр Кубраков имзо чеккан.

БМТ бош котиби мазкур ҳодисага «Қора денгизда умид учқуни порлади» дея муносабат билдирди. Халқаро ташкилот етакчиси ғалла коридорига доир битим имзолашдаги хизмати учун расмий Анқарага миннатдорлик билдирди.

«Бугун эришилган келишув билан Африкадан Яқин Шарққа, Америкадан Осиёгача бутун дунёда миллиардлаб одамларни кутаётган очлик хавфининг олдини олишга ҳисса қўшдик. Жаҳон озиқ-овқат инқирозини ҳал қилишда катта роль ўйнайдиган ушбу ташаббус мамлакатларимиз ва инсоният учун фойдали бўлсин», – деди Туркия президенти Р.Т.Эрдўғон.

Россия босқини сабабли Украина омборларида сақланаётган катта миқдордаги донни Қора денгиз орқали дунё мамлакатларига сотиш йўли ёпилиб қолган эди. Оқибатда озиқ-овқат бозорида нарх осмонга сапчиб, кўплаб мамлакатларга очарчилик хавф солаётган эди. Ниҳоят, очарчилик ва қимматчиликнинг олдини олиш борасида келишувга эришилди. Таҳлилчиларга кўра, мазкур битимни ғалла бозори ижобий руҳда қабул қилди, буғдой нархи аллақачон туша бошлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Истанбулда дунёда очарчиликнинг олдини олишга қаратилган битим имзоланди