Фото: Сергей Мальгавко / ТАСС
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ/ФХХ) украиналик разведкачилар Россиянинг камида учта ҳарбий самолётини ўғирламоқчи бўлганини хабар қилди. Руслар Россияга қарши кўплаб суриштирувлар муаллифи Христо Грозевни ҳам ушбу ишга алоқадор деб эълон қилди.
Грозевнинг фикрича, ФХХ жиддий хатога йўл қўйиб, ўнлаб контрразведка ходимларини ошкор қилиб қўйган. BBC жиддий шов-шувга айланган воқеа ҳақидаги ҳозиргача мавжуд бўлган барча тафсилотларни тўплади.
ФХХ талқини
Душанба куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати Украина разведкасининг операцияси йўққа чиқарилганини эълон қилди. Хабарда айтилишича, украин разведкачилари Су-24 бомбардимончи самолёти, Су-34 қирувчи-бамбордимончи самолёти ва Ту-22М3 ракета ташувчи қирувчи самолётини ўғирламоқчи бўлган. Яъни россиялик учувчиларга пул ваъда қилиш орқали бу самолётларни қўлга киритишни истаган.
ФХХ хабарига кўра, украинлар ҳар бир ўғирланган самолёт учун учувчиларга 2 миллион долларгача пул, уларнинг хотинларини эса Европа Иттифоқидаги бирорта давлатга олиб боришни ваъда қилган. ФХХ эълон қилган видеода учувчилар ўз самолётини кўрсатган ва қўлида рақам ушлаб турган. ФХХга кўра, учувчилар бундай видео орқали Украина қуролли кучларига самолётларни ўғирлаш операциясига тайёр эканига ишора берган. Хабарда иддао қилинишича, учувчилар қўлларида ушлаган рақамларни уларга Украина разведкаси вакиллари берган.
ФХХ ушбу операция давомида украиналик ҳарбийларни мамлакат жануби-шарқидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва аэродромлар ҳақида маълумот беришга мажбур қилганини хабар қилган. Шунингдек, хабарда иддао қилинишича, Украина разведкачилари бу операцияни ғарблик, хусусан, британиялик махсус кучлар ёрдамида амалга оширган.
Россия томони ушбу операцияда Bellingcat нашри суриштирувчиси Христо Грозев ҳам иштирок этганини айтмоқда. Бу журналист Россияга қарши кўплаб суриштирувлар ўтказган. Хабарда айтилишича, Грозев Британиянинг Ми-6 разведка гуруҳи билан ҳамкорлик қилади.
Христо Грозев талқини
Журналист твиттердаги саҳифасида ушбу операция чиндан Украина разведкаси томонидан амалга оширилгани, аммо унга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ёзди.
Россия разведкаси ҳисоблашича, Христо Грозев украин махсус хизматлари операциясида иштирок этган. Фото: EPA\TASS
2022 йил апрел ойида Украина Олий радаси Россия ҳарбий техникаларини ихтиёрий тарзда топшириш учун мукофотлар тартиби тўғрисида қонунни тасдиқлаганди. Унга кўра, Украина армиясига русларнинг битта танкини топширган одам 100 минг доллар, битта самолёт олиб келган одам эса 1 миллион доллар билан мукофотланиши айтилган.
Грозевнинг айтишича, айнан мана шу қонун чиқарилганидан кейин Украина махсус кучлари Россия самолётларини ўғирлаш учун рус учувчиларига алоқага чиққан. Bellingcat бундан хабар топган ва ҳатто бу ҳақда фильм суратга олишни бошлаган. «Биз учувчиларнинг Украина томони вакиллари билан «музокараси»ни ёзиб олдик. Аммо уларнинг гапириш оҳанги тезда ўзгарди. Учувчилар ортиқ ўз номларидан гапирмай қўйишди ва афтидан ФХХдаги контрразведкачиларнинг айтганини қила бошлашди», дейди Грозев.
Унинг айтишича, учувчилардан бири унинг хотинини эмас, жазманини мамлакатдан олиб чиқиб кетишни сўраганда Украина томони учувчиларнинг ҳаракати шубҳали эканини сеза бошлаган. Гап шундаки, Украина томони учувчи айтган аёлни маълумотлар базасидан текширганда у анчадан буён ФХХга ишлаши ошкор бўлган.
«Бу вақтда операция тугагани ва ўзига хос «операциялар ўйини»га айланиб кетганини сездим. Бу ўйинда томонлар бир биридан кўпроқ маълумот олишга ва бир-бирига кўпроқ ёлғон маълумот етказишга ҳаракат қиларди», деб ёзди Грозев ўз саҳифасида.
Операция барбод бўлгач, Украина томони россиялик учувчиларга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳақида ёлғон маълумотлар юборган, учувчилар эса қаерга қўниши борасида маълумотлар юборган. Афтидан, руслар ҳам украинлар каби ёлғон маълумот берган.
Грозевнинг айтишича, учувчилардан бирининг хотини ФХХдагилар ҳамроҳлигида Минскка гўёки Украина томонидан келган курьерлар билан учрашувга борганини айтгач операция барбод бўлган. Учрашувга ҳеч ким бормаган. Ўшанда ҳар икки томон ҳам бир биридан ортиқ маълумот ололмаслигини сезган.
Украина томони бу ҳолат бўйича ФХХ ва Грозевнинг чиқишларига муносабат билдирмади. Журналист тез орада бу борада фильм эълон қилинишини айтди.
«Вагнерчилар» операцияси каби барбод бўлган операция
Россиялик ҳарбий учувчилар орасида машҳур бўлган Flightbomber Telegram-каналининг ёзишича, уруш бошланганидан буён чиндан украиналик ҳарбийлар рус учувчилари, уларнинг оила аъзолари билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилиб келган. Канал муаллифларининг айтишича, украиналик ҳарбийлар рус учувчилари ва уларнинг оила аъзоларига нафақат нафратомуз хабарлар юборган, балки миллион доллар ишлаб олиш имкони ҳақида эслатиб турган.
Ўтган йил ноябрида Bellingcat нашри Украина махсус кучларининг барбод бўлган бошқа бир операцияси ҳақида ёзганди. Унда Россиядаги хусусий деб айтиладиган «Вагнер» ҳарбий гуруҳининг 30 нафар аъзосини қўлга олиш жараёни охирига етмай қолгани ҳикоя қилинади.
Нашр маълумотига кўра, ўшанда «вагнерчилар» Венесуэлага «командировка»га кетаётганига амин бўлган. Қўлга олиниши керак бўлган ҳарбийлар аввалига Москвадан Минскка, кейин эса Истанбулга учиши керак бўлган. Аммо Украина учун ҳаммаси барбод бўлади: кейинги рейсини кутаётган «вагнерчилар»ни Беларус махсус кучлари қўлга олади. Москвада бу жараёнда Украина махсус кучлари ҳам қатнашгани ҳақида бир ҳафта ўтиб билишади.
Украина томони аввалига бу операцияга алоқаси борлигини рад этди, кейинчалик Зеленский «бу бизнинг операциямиз эмас» деб Россияга ишора қилди. Украинанинг бу борадаги охирги баёноти шундай кўринишда бўлганди: «33 нафар «вагнерчи»ни Украинага йўналтириш бўйича операцияга тайёргарлик кўрилган, аммо бу амалга ошмай қолган». Яъни, катта эҳтимол билан Украина махсус хизматларидан бу борада маълумот сизиб чиққач, «вагнерчилар» Беларуснинг ўзида қўлга олиниб, операция барбод бўлади. Яқинда украин миллатига мансуб Конгресс депутати Виктория Спарц бу операция Зеленский маъмурияти раҳбари Андрей Ермак сабаб барбод бўлгани, Ермак сабабли операция ҳақида маълумотлар чиқиб кетганини айтганди.
«2 миллион доллар ва паспорт қилиб бера оламиз»
ФХХ эълон қилган видеода украинча гапираётган овоз рус учувчисига самолётни олиб қочгани учун пул ва оиласига хавфсизлик таклиф қилади: «Биз унга сиз хоҳлаётгандек хорижий паспорт қилишимиз мумкин. Европадаги бирорта давлатда яшаш гувоҳномаси ҳам қилиб бера оламиз. Агар у Литва, Эстония, Германия, Беларус (жин урсин, Беларус эмас, Болгария)га чиқса, унга ўша ернинг паспортини берамиз», дейди кадрдаги украинча гапирган одам. Видеода жуда кўп ёзишмалар ва паспорт суратини ҳам кўриш мумкин.
Кейинчалик видеодаги овоз самолётни қандай олиб қочиш бўйича тавсиялар берган. Унда айтилишича, учувчига аҳоли яшаш пунктларидан узоқроқ учиши учун координаталар берилади, чунки бундай ҳудудларда кўплаб зенит-ракета тизимлари бўлган. Видеодаги овозга кўра, учувчи фронт чизиғини кесиб ўтгач, 50 метргача пастлаши, кейин белгиланган масофага етгач, баландлаши, шунда уни ҳавода қўлга олишлари керак бўлган.
«Россия 24» давлат телеканалида ФХХ операция деб атаётган ҳолат ҳақида яна бошқа хабарлар эълон қилинган. Унда айтилишича, Украина разведкаси операциясида Христо Грозев ҳам иштирок этган, Грозев иккита курьер қиз топган ва улар Москвадан келадиган курьерни Липецк вокзалида кутиб олиши керак бўлган. Хабарда айтилишича, самолёт учун 2 миллион доллар (!) таклиф қилинган учувчига курьер 4 минг доллар (!) аванс бериши керак бўлган. «Россия 24» кадрида кўрсатилган кадрда айтилишича, бу 4 минг доллар Донецк ва Луҳанскни тиклашга йўналтирилади. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди