09:54 / 08.09.2022
5 102

Британияда яна янги бош вазир. Лиз Трассни қандай муаммолар кутмоқда?

Британияда яна янги бош вазир. Лиз Трассни қандай муаммолар кутмоқда?
Alberto Pezzali / AP / Scanpix / LETA
5 сентябр куни Буюк Британия Консерватив партиясида ички сайловлар якунланди. Мамлакат ташқи вазири Лиз Трасс бошқа бир финалчи, Борис Жонсон ҳукуматида молия вазири лавозимини эгаллаган Риши Сунакни мағлуб этди ва партия раҳбарлигига сайланди.

6 сентябр куни Балморалдаги қироллик қароргоҳида мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлиб ўтди. Собиқ бош вазир Борис Жонсон ва мамлакатнинг янги раҳбари Лиз Трасс қиролича билан учрашиш учун узоқ масофа (750 километрдан ортиқ) босиб Шотландияга келди. Қиролича Елизавета II Жонсоннинг истеъфосини қабул қилди ва янги бош вазирни тайинлади.

Фото: SHUTTERSTOCK
Бу Британияда сўнгги олти йилликдаги учинчи бош вазир: Дэвид Кэмерон Brexit бўйича референдумдан кейин истеъфо берганди, Тереза Мэй ва Борис Жонсон эса партия ишончини оқламаган. Трасс камида 2024 йил охирида ўтказиладиган кейинги парламент сайловларига қадар ҳукумат тепасида қолади.

«Медуза» Белфастдаги Квинс университетида Европанинг энг янги тарихи бўйича дарс берувчи Александр Титов билан янги бош вазирни қандай чақириқлар кутаётгани тўғрисида суҳбатлашди.

— Нега Консерватив партия аъзолари Риши Сунакни эмас, Лиз Трассни афзал кўришди?
— Торилар партияси аъзоларининг дастурига, менталитетига Сунакдан кўра Трасс кўпроқ мос келади. Сунак — 2010-2015 йилларда бош вазир бўлган ва Консерватив партияни модернизация қилишга, уни либерал ғояларга мослаштиришга уринган Дэвид Кэмеронга ўхшайди.

Трасс эса — Борис Жонсон, Маргарет Тэтчер билан боғланади. Бу шундай анъанавий консерватизм. Шу туфайли Сунакда умуммиллий сайловларда ғолиб чиқиш имконияти кўпроқ, Трассда эса тор доирадаги одамлар танловида ғалаба қозониш имкониятига эга эди.

— Бундан келиб чиқадики, янги бош вазирни сайловчилар эмас, ҳатто бутун Консерватив партия эмас, балки фақат унинг нисбатан консерватив бўлган қаноти танладими?
— Ҳамма танлайди, аммо [партия сайловчиларининг фаол ядроси] — бу 100 минг атрофидаги киши, улар асосан 50 ёшдан ошган, Англия жанубида яшовчи оқ танли эркаклар. Бу жуда тор доирадаги демографик қирқим, улар ўртача сайловчига қараганда радикал қарашларга содиқ. Чунки уларга Трасс айтаётган гаплар жуда маъқул келади: келинг шунчаки солиқларни қисқартирамиз ва Шимолий Ирландия туфайли Евроиттифоққа иқтисодий уруш очамиз.

Кенг омма учун бу ёки умуман аҳамиятсиз ёки ҳатто ёмон, аммо Британия консерваторларининг бундай алоҳида гуруҳи учун эса — бу стандарт британча мантиқий фикрлашдир. Аммо Трасс кейинги сайловларга қадар жойида қолиши номаълум. Чунки унинг кўрсаткичлари жуда ёмон бўлса, ундан худди Жонсондан воз кечгандек қутулишлари мумкин.

— Унинг умуммиллий сайловлардаги имкониятлари қандай бўлади?
— Муаммо шундаки, Трасс тэтчерча анъаналар сиёсатчиси: солиқларни қисқартириш, ижтимоий харажатларни молиялаштиришни қисқартириш ва ҳоказо. Аммо ҳозирда [Британияда] сўнгги 30–40 йилликдаги энг жиддий инқироз кузатилмоқда. Одамларга бунинг зидди бўлган сиёсат керак — ижтимоий харажатларни ошириш, кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш. Алал-оқибат Трасс айнан шундай қилишига тўғри келади, аммо ҳозир унинг бутун мафкуравий платформаси бунга қарши. Бу иқтисодий маънода ўнг радикал сиёсатчи бўлиб, унақаси ҳозирда ҳеч кимга керак эмас.

Трасснинг бошқа муаммоси — унинг Жонсондан фарқли экани. Бориснинг карьераси ёрқин эди: кимлардир уни ёмон кўрар, бошқалар ёқтирарди, аммо у таниқли сиёсатчи эди. Трасс эса 2019 йилги парламент сайловларида илк бор Жонсонга овоз берганларни сақлаб қолиши амримаҳол. Бундайлар Brexit’ни ёқлаган, аммо аввал ҳеч қачон консерваторлар учун овоз бермаганлардир. Масалан, шунинг учунки, ҳамиша Тэтчердан нафратланишган: [жумладан] бу у шахталарни ёпиб ташлаган Англия шимолидир. Аммо Жонсон уларни жалб эта олган, чунки унга «ўзимизники» деб қарашган. Трасс эса бунинг учун жуда қуруқлик қилади.

Англия жанубида яшовчи ўрта синфдаги доимий электоратни эса [консерваторларни] у шунинг учун бой берадики, Brexit улар учун ютуқ ёки қандайдир яхши нарса бўлиб чиқмади. Иқтисодий жиҳатдан улар ўнг либерал қарашларга эга одамлар бўлиши мумкин, аммо ижтимоий жиҳатдан улар анча сўл — шу маънодаки, уларни миграция у қадар ташвишга солмайди ва улар Евроиттифоқ билан ҳеч қандай муаммо чиқишини хоҳлашмайди. Шунинг учун у ҳозир ўз электорати [ички сайловлардаги] учун тўғри сўзларни сўзламоқда — аммо қолган 60 миллион сайловчи учун бу жуда камлик қилади.

— Британиянинг Украинани қўллаб-қувватлаши нима бўлади?
— Жонсон учун ҳам, Трасс учун ҳам Украина — мағлубиятсиз мавзу. Бу ўринда эзгулик тарафдори бўлиш мумкин, жамоатчилик ҳам буни маъқуллайди. Алоҳида харажатлар йўқ — масалан, Британия Украинадан қабул қилган қочқинлар сони Германия ёки Польша қабул қилганидан ўн баробар камроқ. Улар қуролларни ҳам у қадар кўп жўнатишмаяпти.

— Лиз Трасс Россия давлат телеканалларини ёқтирмаслигидан келиб чиқсак, Британия-Россия муносабатларида ҳеч қандай илиқлашув кутмаслик керакми?
— Ҳа, анчадан буён ҳеч қандай муносабатлар йўқ. Литвиненко ва Скрипал воқеаларидан кейин муносабатлар даражаси нолга тушган. 24 февралдан кейин эса…

[Трасс] ҳамиша Россияга нисбатан муносабатларда «қирғий» бўлгани билан ажралиб турган. Шу маънода у америкаликлардан ҳам радикалроқ қарашларга эга. Аммо Россия телевидениеси Британия разведкаси мавзусини қандай фиксация қилиши тушунарсиз. Улар доим MI6 ҳисоботларини ўқишади, британиялик разведкачилар доим нимадир тайёрлаётган бўлади. Буюк Британия ҳамиш биринчи рақамли душман сифатида кўрсатилади, ҳатто МРБ бу қадар кўп тилга олинмайди — гарчи MI6 ресурслари анча камроқ. Аммо, афтидан, Россия ва Буюк Британия ўртасида шундай симбиоз (икки хил организмнинг муайян муҳитда бир-бирига фойда ёки зарар келтириб, бирга яшаши) мавжуд.

— Трасс ўз сиёсатини қанчалик қатъийлик билан олиб боради? Сайловларга қадар етарлича вақт бор, Жамоалар палатасида консерваторлар шундай устунликка эгаки, ҳозирда уларга ҳеч қандай коалициянинг кераги йўқ.
— Ҳа, Жонсон унга 80 овоз устунлигини қолдирди. Аммо қолган партиялар — бу бошқа масала, муҳими, Консерватив партия ичида нима бўлаётгани. Ахир бу ҳам турли кучларнинг норасмий коалицияси, у ерда Сунакни қўлловчи гуруҳлар бор.

Бундан ташқари, парламентда Трасс кенг қўллаб-қувватланмайди. Чунки уни яқиндан биладиган ва унга ёмон баҳо берадиган депутатлар у бош вазир бўлишга лаёқатли эмас деб ҳисоблашади. Шунинг учун, агар у ЕИ билан савдо уруши бошлаш каби баҳсли ғояларни илгари сурадиган бўлса, у ўз партияси ичида қўллаб-қувватловга эришиш борасида муаммоларга дуч келиши мумкин.

— Энди Трасснинг партия ичидаги асосий рақиби ким бўлади?
— Сайловолди кампаниясида бўлиниш қуйидагича эди: Сунак — мувозанатли бюджет ва масъулиятли иқтисодий сиёсат тарафдори, Трасс — нима бўлишидан қатъи назар солиқларни камайтириш учун. Сунак унинг кабинетига кириши даргумон бўлгани туфайли, янги ҳукуматда ўрин олмаган собиқ вазир сифатида парламентнинг орқа қаторларида туриб танқид қилувчи бўлади. Ва бу консерваторлар учун катта муаммо бўлиши мумкин, чунки улар уч бош вазирни сайловсиз алмаштириб улгурди: [Дэвид] Кэмерон 2016 йилда, [Тереза] Мэй 2019 йилда, [Борис] Жонсон 2022 йилда кетди.

Трасс осонлик билан ўз партиядошларининг кўпчилигини ўзига қарши қилиб қўйиши мумкин. Сайловга қадар у бу ишни қилишга улгурадими, йўқми, айтиш қийин, агар шундай бўлиб чиқса ва улар тўртинчи бор бош вазирни алмаштиришса, бу уларнинг имижига жуда қаттиқ зарба бўлади. Сайловчилар кўз ўнгида улар мамлакатни умуман бошқара олмайдигандек гавдаланади.

— Трасс лейбористларни бирлаштира оладими?
— Сўнгги сўровларга кўра, лейбористлар 8 фоизлик устунликка эга — мутлақ рақам бу ерда муҳим эмас, асосийси — фоизлардаги фарқ. 2019 йилда Жонсон даврида консерваторларда 40 га 32 фоизлик устунлик кузатилган ва торилар сайловларда мутлақ кўпчилик овозни қўлга киритганди. Ҳозир эса бунинг бутунлай тескариси.

Лейбористлар учун ҳозир бу ютуқли позиция, чунки мамлакатда йирик инқироз кузатилмоқда. Мен ўз ҳисобларимга қарайман — бизда газ ва электр нархи сўнгги йилда ўсди ва бундан кейин ҳам ўсишда давом этади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Трасс давлатнинг иқтисодиётга аралашуви учун нимадир қилиши керак бўлади, бу эса унинг ўнг радикал сиёсатига зиддир ва албатта лейбористлар буларнинг барчаси учун унга ҳужум қилишади. У Жонсон эмас, у қадар харизматик сиёсатчи эмас. Шундай экан, у анъанавий консерватор сайловчилардан ташқарида машҳурликдан умид қилмаса ҳам бўлади. У ўз партиясини етакчилик инқирозисиз 2024 йилга қадар олиб бориши керак бўлади.

Сунак — технократ, менежер, у бу ролга кўпроқ мос келади. Трасс эса — беғам идеолог. У умуман иқтисодий инқирозни ҳал қилиш учун керак бўлган одам эмас.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг