17:24 / 13.09.2022
1 830

Қримдаги тўйда «Червона калина»га рақсга тушишди. Аксенов бундайларни хоин деб атади

Қримдаги тўйда «Червона калина»га рақсга тушишди. Аксенов бундайларни хоин деб атади
Фото: glava.rk.gov.ru
Россия томонидан Қрим раҳбари этиб тайинланган Сергей Аксенов украинча қўшиқлар айтадиган маҳаллий аҳоли вакилларига мурожаат қилиб, уларга жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги билан таҳдид қилди.

Аксенов «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади) вақтида «украинча шиорлар айтаётган, миллатчилар мадҳиясини куйлайдиганлар»га нисбатан жиноий иш очилиши мумкинлигини айтди.

Аксенов ижтимоий тармоқда тарқалган қандайдир оммавий тадбир ҳақида гапириб, унда Украинани олқишлайдиган чақириқлар бўлганини гапирган. У айнан қайси тадбир ҳақида гапирганига аниқлик киритмаган, лекин бундай тадбир ташкилотчилари ва қатнашчилари жазоланиши кераклиги ҳақида пост эълон қилди.

Аксенов бу тадбир иштирокчиларининг барчасини аниқлашга кўрсатма берган. Унинг айтишича, бу масала билан ФХХ, милиция, прокуратура ва ҳукумат вакиллари шуғулланмоқда. Аксенов айтган тадбирда қатнашганлар жиноий жавобгарликка тортилиши, лавозимидан озод қилиниши ва Россия ҳудудида тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.

«Ўзини бундай тутадиган одамларни ҳақиқий хоин деб биламан. Украинадаги режимни қўллайдиганларнинг барчаси уларга ёқадиган давлатга кетиши керак. Бизнинг давлатимиз ёқмаяптими? Ўзингизга ёқадиган давлатга боринг», деган Аксенов.

Аксенов шу кунларда интернетда тарқалган тўй тасвирларини назарда тутган бўлиши мумкин.

Қримдаги Боғчасарой туманида жойлашган ресторанда ўтган ўша тўйда меҳмонлар Украинани шарафлайдиган «Червона калина» қўшиғи садолари остида рақсга тушган.

1914 йилда ёзилган «Ой у лузі червона калина» қўшиғи феврал ойи охирида Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Украинанинг рамзларидан бирига айланганди. Бошқа давлатларда ҳам Украинани қўлламоқчи бўлганлар шу қўшиқни куйлашмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг