13:42 / 20.09.2022
1 085

Украиналик 3 мингдан ортиқ ўқитувчи Германия мактабларига ишга олинди

Украиналик 3 мингдан ортиқ ўқитувчи Германия мактабларига ишга олинди
Фото: dpa
Немис мактабларида ҳозирда Россия ҳарбий ҳаракатлари бошидан бери Украинадан келган 3000 дан ортиқ ўқитувчи ва ассистентлар ишлаяпти. Бу ҳақда 20 сентябр, сешанба куни Германия федератив ерлари маданият ва таълим вазирликлари ўртасида ўтказган ўз сўровига таяниб dpa хабар берди.

Айниқса, кўплаб украиналик ходимлар Бавариядаги мактабларда ишламоқда. Мюнхендаги тегишли вазирлик ушбу ҳудуддаги бошланғич ва ўрта таълим муассасаларида 500 дан 700 гача украиналик ўқитувчилар ва уларнинг ёрдамчилари ишлаётганини тахмин қилди.

Бундан ташқари, Бавария украиналик мактаб ўқувчилари энг кўп (тахминан 30 минг) бўлган Германиянинг икки ҳудудидан биридир. Бундан ҳам кўпроқ украиналик қочқинлар фақат Шимолий Рейн-Вестфалия мактабларида ўқияпти - тахминан 35 минг. Умуман олганда, немис мактабларида Украинадан 180 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади ва бу рақам ўсишда давом этмоқда.

«Назарий жиҳатдан, ўқувчи ва ўқитувчининг нормал нисбати 1:15 бўлса, бу миқдордаги талабалар учун 12 минг қўшимча ўқитувчи ва ёрдамчи ходимлар керак», деди Германия ўқитувчилар уюшмаси раҳбари Хайнц-Петер Майдингер dpa нашрига. Немис мактабларида жами 11 миллионга яқин ўқувчи таҳсил олади ва 800 мингдан ортиқ ўқитувчи ишлайди.

Қўшимча ўқитувчиларни жалб қилиш учун федерал ерлар ҳокимияти веб-сайтларни ишга туширди, уларда украиналик ўқитувчилар малака, диплом тан олиниши ва немис тилини билишига қараб маълумот олиши ва турли бўш иш ўринларига ариза юбориши мумкин.

Хусусан, Бранденбург таълим вазирлиги ўз сайтида немис тилини биладиган ўқитувчиларга камида 3427,65 евро брутто, яъни солиқ ва йиғимлар олдидан ўртачадан юқори маош таклиф қиляпти. Ярим кунлик иш ҳам бор. Ўқитувчи бўлиб ишламаган, лекин болалар билан ишлашда бошқача тажрибага эга бўлган украиналиклар ассистент сифатида ишга жойлашишлари ва мактабларда украиналик болаларга ёрдам беришлари мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг