14:42 / 01.10.2022
2 712

Украина ҳудудларининг аннексияси: сабаблар ва оқибатлар

Украина ҳудудларининг аннексияси: сабаблар ва оқибатлар
30 сентябрь куни Россия “ДХР”, “ЛХР”, Запорожье ва Херсон вилоятларини расман аннексия қилди. Ушбу ҳудуддаги россияпараст маъмурият вакиллари Путин билан Кремлда учрашди ва ҳудудларнинг РФ таркибига қўшиб олиниши бўйича келишув имзолади.

Москванинг аннексияни тезлатишига бир қатор омиллар мажбур қилди. Бунга биринчи навбатда фронтдаги муваффақиятсизликлар сабаб бўлди. Сўнгги ойларда Украина армияси қарши ҳужумлари натижасида Харьков вилоятининг эгалланган қисмини озод қилди; Херсон том маънода олов ичида; Донецкда ҳам рус қўшинлари қийин аҳволда қолган. Бугун украин армияси Лиманда русларни қуршовга олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Куннинг иккинчи ярмида бу “ДХР” раҳбари Денис Пушилин томонидан тасдиқланди. Бундай шароитда Россия ички аудиториясини бироз “тинчлантириш” ва чалғитиш учун қандайдир “ютуқ”ларни кўрсатиш зарур бўлиб қолди. Геосиёсий фикрлаш чуқур бўлган рус жамияти учун ҳудудларни қўшиб олиш маълум даражада муваффақият сифатида баҳоланиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Иккинчидан, мамлакатда эълон қилинган сафарбарликни оқлаш учун ҳам ҳудудлар аннексияси муҳим. Мобилизация қилинганлар ушбу маъмурий бирликларни қўриқлаш учун жалб қилиниши баҳонасида сафарбарликни оқлаш ва кейинги сафарбарликлар учун замин яратиш мумкин. Путин ҳам армия сафларига тортилаётганларнинг асосий вазифаси айнан шу эканини бир неча бор таъкидлаганди.

Оқибатлар

Украина ҳудудларининг аннексияси бир қанча оқибатларни келтириб чиқариши табиий. Энг аввало ядро уруши хавфи бир неча баробар ошиши мумкин. Москва эндиликда де-юре бу ҳудудларни ўзиники деб ҳисоблайди. РФ ҳарбий доктринасига кўра, Россия ҳудуди агрессияга учраган тақдирда ядро қуролини қўлланилишига рухсат берилган. Назарий жиҳатдан эндиликда Кремль исталган пайтда “қизил тугма”ни босиши мумкин. Путин бугунги нутқида АҚШ тарихда икки бор ядро қуролини қўллаганини ва бу прецендентни вужудга келтирганини таъкидлади. Бу баёнотни турли талқин қилиш мумкин, аммо бир нарса аниқ: Россия бутун дунёга ядро қуролини қўллаши мумкинлиги ҳақида тобора очиқ сигналлар юбормоқда. Бир сўз билан айтганда ядровий эскалация хавфи ошди.

Иккинчидан, Украинани қўллаб-қувватлаш янада кучаяди. Айниқса, НАТО томонидан. Альянс бош котиби Йенс Столтенберг ҳарбий кўмак берилиши давом этишини маълум қилди. Аммо Киевнинг Шимолий Атлантика блокига кириши масаласида бироз мураккабликлар бор. Бугун Зеленский Украина НАТОга тезкор аъзо бўлиш учун ариза топширишини айтса-да, бош котибнинг жавобидан бир нарсани англаш мумкин: ҳозирча Киев альянсга қабул қилинмайди. Бунга объектив сабаб бор: Украина НАТОга кирган тақдирда Ғарб ўз-ўзидан Россия билан урушга тортилади. Бу ўта хавфли сценарий ва НАТО буни яхши англайди.

Учинчидан, Россиянинг ташқи изоляцияси янада кучайиши эҳтимоли юқори. Сўнгги вақтларда “дўст бўлган давлатлар”нинг эҳтиёткор танқидларига нишон бўлаётган Москва глобал майдонда ўзига бўлган минимал симпатиядан ҳам айрилади.

Жаҳонгир тайёрлади

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг