
Фожиа жойига хориж ҳарбий атташелари таклиф этилган. Озарбайжоннинг Хожаванд тумани Эдилли қишлоғида оммавий қабрлар топилди. Бу ҳақда мамлакат президентининг ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев ижтимоий тармоқ орқали маълум қилди.
Оммавий қабрлар 30 йил аввал Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кечган Биринчи Қорабоғ урушига оид экани айтилмоқда. Ҳ.Ҳожиевга кўра, Эдилли қишлоғидан топилган жасадлар қийноқлар орқали ўлдирилган ва ҳозирга қадар дараксиз йўқолган деб келинган озарбайжон аскарларига тегишлидир.
AZERTAC ахборот агентлиги Озарбайжонда рўйхатдан ўтган хорижий дипломатик ваколатхоналар ҳарбий атташелари Эдиллига бориб, оммавий қабрларни кўздан кечиргани ҳақида хабар қилди.
Қарийб 30 йил ишғол остида бўлган Хожаванд тумани 2020 йилнинг кузида, Иккинчи Қорабоғ уруши якунида Озарбайжон қуролли кучлари томонидан озод қилинган. Сўнгги ойларда ҳудуддан бир неча оммавий қабрлар топилган.
Халқаро қизил хоч қўмитаси маълумотларига кўра, 1990-йиллардаги Қорабоғ уруши даврида 4000 га яқин Озарбайжон фуқароси бедарак йўқолган. Боку Еревандан ўз фуқаролари дафн этилган ҳудудларни очиқлашни талаб қилиб келади.
Эдилли қишлоғида оммавий қабрлар топилиши муносабати билан Озарбайжон диаспоралари ташкилотлари БМТ, Европа Кенгаши ва бошқа ташкилотларга мурожаат йўллаб, ҳолатни халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра баҳолашга чақирган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар