06:00 / 14.10.2022
1 007

Ироқ парламенти янги президентни сайлади

Ироқ парламенти янги президентни сайлади
Фото: AP
Ироқ парламенти саккиз ой давом этган сиёсий инқироздан кейин янги президентни сайлашга муваффақ бўлди.

Абдуллатиф Рашид Ироқнинг навбатдаги президенти бўлди, унинг номзодини парламентнинг кўпчилик депутатлари қўллаб-қувватлади.

Рашиднинг сайловдаги асосий рақиби амалдаги давлат раҳбари Барҳам Солиҳ эди. Шунингдек, лавозимга Курдистон ички ишлар вазири Ребер Аҳмад ҳам даъвогар эди, бироқ, у ўз номзодини қайтариб олди.

Рашид 78 ёшда. 2003-2010 йилларда сув хўжалиги вазири бўлган. 2010 йилдан буён Ироқ президентининг катта маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ироқ — парламент республикасидир. Президент асосан вакиллик функцияларини бажаради. У парламент аъзолари томонидан тўрт йилга сайланади.

Ироқда президент сайлови парламентнинг биринчи мажлиси ўтказилган кундан бошлаб бир ой ичида бўлиб ўтиши керак. Мамлакатда парламент сайловлари 2021 йил октябрь ойида ўтказилди, парламентнинг биринчи мажлиси 9 январда бўлиб ўтди. Президент 7 феврал куни сайланиши режалаштирилган эди, бироқ парламент депутатлари келишувга эриша олмади ва бир қанча партиялар йиғилишни бойкот қилишди.

Президентнинг йўқлиги, ўз навбатида, ҳукуматни шакллантириш жараёнининг кечикишига олиб келди. Парламент сайловларидан кейин Ироқда сиёсий инқироз бошланди. Гап шундаки, сайловлардан кейин янги бош вазир ҳам сайланиши керак эди, аммо бу амалга ошмади. Сайловларда энг кўп овозни мухолифатчи сиёсатчи ва шиа воизи Муқтадо ас-Садр партияси қўлга киритди. У ўз навбатида бошқа сиёсий кучлар билан бош вазир масаласида келиша олмади. Натижада ўша пайтдаги бош вазир Мустафо ал-Қозимий ўз лавозимида қолди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ироқ парламенти янги президентни сайлади