
Фото: ТАСС
The New York Times манбалари Россия қўшинларининг бир қисмини ва C-300 зенит-ракета комплексларини Суриядан олиб чиқиб кетаётгани тўғрисида хабар берди. Бир неча қўмондонлар аллақачон Украинага юборилган.
Россия Суриядан 1600 нафаргача аскардан иборат иккита батальон ва C-300 зенит-ракета комплексларини олиб чиқиб кетди. Бу ҳақда The New York Times газетаси 19 октябр, чоршанба куни кечқурун Исроил ва Ғарбдаги аноним манбаларга таяниб хабар берди. Исроиллик ҳарбий манбанинг қўшимча қилишича, Суриядан бир неча россиялик қўмондон аллақачон Украинага кўчирилган.
Турли нашрлар бир неча ойлардан бери Россия Суриядаги ҳарбий иштирокини уни Украинада мустаҳкамлаш мақсадида камайтираётгани, шунингдек, Украина фронтига суриялик ёлланма аскарларни юбораётгани ҳақида ёзмоқда. Сентябрь ойида ОАВ Россия Украинадаги катта йўқотишлар фонида Суриядаги можарога «сиёсий ечимни тезлаштиришга» уринаётгани ҳақида хабар берган эди.
Уруш бошланганидан бери Исроил Украинага фақат тиббий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолди. Россия октябрь ойида Эрондан олинган Шаҳед-136 дронлари билан Украина шаҳарларига ҳужум қилганидан кейин Украина Исроилдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сўради. Исроил томони Украинага барибир қурол етказиб бермаслигини, бироқ яқинлашиб келаётган зарбалар ҳақида эрта огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар