20:30 / 05.11.2022
1 277

АҚШ машғулотларда B-1B бомбардимончи самолётларидан фойдаланишни режалаштирмоқда

АҚШ машғулотларда B-1B бомбардимончи самолётларидан фойдаланишни режалаштирмоқда
Фото: Staff Sgt. Clayton Cupit
АҚШ ва Жанубий Корея ўртасидаги қўшма машғулотлар КХДР провокацияси туфайли бир кунга узайтирилди. Сеул «стратегик воситалар»дан фойдаланишни кучайтиришга чақирди.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари 5 ноябрь, шанба куни Корея яриморолида 31 октябрдан буён АҚШ Жанубий Корея билан ҳамкорликда ўтказаётган «Сергак пўртана» машғулотларида B-1B стратегик бомбардимончи самолётларидан фойдаланиш ниятида. Бу ҳақда Жанубий Корея қуролли кучлари вакили маълум қилди.

Аввалроқ Сеул Вашингтондан «стратегик воситалар», жумладан, авиаташувчилар, атом сувости кемалари ва узоқ масофали ракеталарни ташувчи бомбардимончи самолётлардан фойдаланишни кўпайтиришни сўраган эди.

АҚШ ва Жанубий Корея ҳаво ҳудуди бўйича қўшма машғулотлар 4 ноябрь куни якунланиши керак эди. Бироқ Шимолий Кореянинг провокациялари туфайли уларни бир кунга узайтиришга қарор қилинди. Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлигига кўра, Пхенян сўнгги кунларда машғулотларга норозилик сифатида бир неча ракета отган.

Американинг B-1B стратегик бомбардимончи самолётларидан АҚШ ва Жанубий Корея ўртасидаги қўшма машғулотларда фойдаланиш 2017 йилдан бери биринчи марта содир бўлади. ОАВ маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар Микронезиядаги Гуам оролига тўртта шундай бомбардимончи самолётни жойлаштирган.

B-1B бомбардимончи самолётлари АҚШ томонидан Ироқ ва Афғонистонда ишлатилган. 1990-йиллардан бери улар ядровий ракеталарни ташиш учун ишлатилмаяпти.

2021 йил октябрь ойида Forbes журнали «2017 йилда B-1 АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари янги узоқ масофали кемага қарши ракетани (Long-Range Anti-Ship missile, LRASM) ташиш учун ўзгартирган самолётларнинг биринчи турига айланди» деб ёзган эди. У ўқ-дориларни 300 миля (483 километр) масофага олиб ўтиши мумкин ва юқори технологияли кўп режимли қидирувчи тизим билан жиҳозланган. B-1 3 миллион долларлик 24 тагача ракеталарни олиб юриши мумкин.

«Бир жуфт B-1 Россия Болтиқ флотига 48 та LRASM ракетасини отиши мумкин. Бу бутун флотни бир вақтнинг ўзида чўктириш ва минтақадаги АҚШ ва иттифоқчи кемалар учун асосий хавфни йўқ қилиш учун етарли», - деб ёзган ўша пайтда нашр.

2014 йилда Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан сўнг бу яриморол «НАТОнинг жануби-шарқий қанотидаги ҳақиқий қалъага» айланганига эътибор қаратган журнал: «уруш пайтида Қора денгиз отишма полигонига айланиши мумкин. B-1 бомбардимончи самолётлари эса энг катта қурол бўла олади», дея маълум қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ машғулотларда B-1B бомбардимончи самолётларидан фойдаланишни режалаштирмоқда