00:13 / 08.11.2022
1 855

Россияда кўчмас мулк нархлари қуламоқда: ҳозир квартира харид қилиш учун энг қулай фурсатми?

Россияда кўчмас мулк нархлари қуламоқда: ҳозир квартира харид қилиш учун энг қулай фурсатми?
Фото: Shutterstock
Россия марказий банки 28 октябр куни асосий ставкани йиллик 7,5 фоиз даражада қолдирди. Экспертларга кўра, бу қарор кредитлар ва ипотека бозорига кам таъсир қилади. Банклар жорий ставкаларни сақлаб қолди. Лекин бу квартиралар нархига қандай таъсир қилади ва ҳозир Россияда кўчмас мулкка сармоя киритиш фурсатими?

Бу борада Banki.ru экспертлари таҳлили билан таништирамиз.

2022 йилда квартиралар нархига нима таъсир қилди?

2022 йил мартида Россияда талаб ошгани ва таклиф қисқаргани ортидан кўчмас мул нархида кескин ўсиш кузатилди. Инвестор харидорлар ва ипотекага олувчилар фаоллашди: биринчилари капиталларни инфляция ва девалвациядан асрашга киришган бўлса, иккинчилари фриз ставкалари ошишидан аввал кредит олиб қолишга уринишди.

Натижада, IRN маълумотларига кўра, пойтахт Москвада 1 кв м нархи март ойида 5,6 фоизга ошиб, ўртача 267,5 минг рублга етган. Москва областида 4,5 фоиз ўсиш (1 кв м 152,6 минг рубл).

Ўсиш вақтинчалик бўлиб чиқди. Апрелда ўсиш 1,6 фоиз (271,9 минг рубл)ни ташкил этган. Москва областида — 1,7 фоиз.
Май ойида эса кўчмас мулк арзонлаша бошлаган: иккиламчи бозорда 0,6 фоизгача (270,2 минг рубл).
Июн ойида Москвадаги квартиралар арзонлашиши 2,2 фоиз (264,3 минг рубл)гача тезлашган.

«Нархлар арзонлашиши имтиёзли ипотека бўйича фоиз ставкалари аввалги даражага қайтарилгани билан давом этган, — дейди Banki.ru таҳлилчилари. – Фақат июлга келиб, манфий ўсиш кўрчаткичлари тўхтаган: Москвада иккиламчи турар жойлар 0,7 фоиз (262,5 минг рубл)гача, Москва областида ҳам шунчага (152,4 минг рубл) арзонлашган».

Секинлашиш ҳам вақтинчалик экан. Августда нархлар янада пастлаган. Умуман, май ойидан августгача Москвадаги квартиралар нархи ўртача 4,5 фоизга арзонлашган, IRN агентлигига кўра, реал битимлар бўйича қисқаришлар янада каттароқ бўлган.

Қолган ҳудудларда нарх тушиши

2022 йилнинг II чорагида Россиянинг қарийб барча ҳудудларида улуш қўшиш шартномалари (УҚШ) бўйича битимларга кўра кўчмас мулкка талаб кескин пасайган. Нарх тушиши бўйича етакчилар Ёқутистон (80 фоиз), Челябинск области (69 фоиз), Удмуртия (68 фоиз). Яна 8 та ҳудудда УҚШ бўйича битимлар 50 фоиздан зиёдга пастлаган. Ленинград области ва Краснодар ўлкасида кўрсаткич 49 фоизни ташкил этган.

Айни дамда: нархлар тушмоқда, таклиф ўсмоқда

2022 йил бошларида кўчмас мулк бозорида ҳам талаб, ҳам таклиф бўйича тарихий максимумларни кузатиш мумкин эди. Шундан сўнг МБ асосий ставкани 20 фоизгача кўтарди, бу талабга салбий таъсир қилди ва квартиралар нархлари туша бошлади. Молиявий таҳлилчи Андрей Плотниковга кўра, ҳозир кўчмас мулк нархлари тушмоқда ва тушишда давом этади.

«Беқарор даврларда одамлар кўчмас мулк харид қилишдан маъни кўришмайди, чунки ноаниқликдан чўчишади ва уни глобал ўзгаришларсиз ўтказишмоқда. Айнан шунинг учун ҳам бирламчи, ҳам иккиламчи кўчмас мулк бозорида рекорд тушишларни кузатмоқдамиз. Фақат ипотека кредитлари ажралиб турибди, йил бошидан буён асосий ставка тушиб бораётгани унга талаб яратмоқда», — дейди Плотников.

Сентябрда қайта молиялаш ставкаси тушди ва кўчмас мулк бозорида жонланиш бошланди, дейди «АБЦ» МЧЖ инвестицион компанияси бош директори Евгений Лашков. Лекин ҳарбий сафарбарлик бошлангач, ўз кўчмас мулкини ваҳима билан сотишга тушган одамлардан кўплаб таклифлар туша бошлади.

«Ҳозир биз яна бир турғунлик ва нархлар пастлаши вазиятида турибмиз. Кўчмас мулк нархи Украинадаги махсус ҳарбий операция давригача бўлган вақтга таққосланганда тушган. Сафарбарлик тугагач, нархлар барқарорлашиши керак, лекин ҳозир бозорда таклиф талабдан ортиқ, харидорлар савдолашиб феврал ойидагидан арзон нархда кўчмас мулк олишлари мумкин», — дейди Лашков.

Маълумотларга кўра, октябр ойи якунларига кўра, Москва шаҳридаги иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги таклифлар сони сентябрдагидан 20 фоизга ортган. Сўнгги уч ойда эса таклиф 60 фоизга ўсган. Яъни квартирасини сотиш истагида бўлганлар сони харидорлардан кўра анча кўп.

«Иккиламчи бозордаги таклифлар ҳажми рекорд қайд этмоқда. Одамларнинг ўз уйини савдога чиқариш сабаби турлича — нафақат кўчиб кетиш, шунчаки молиявий аҳволи ёмонлашгани ҳам: уруш ва унинг иқтисодий оқибатлари туфайли кўпчилик ишидан айрилган, ипотека тўлаш қобилиятини йўқотишган», дейилади IRN маълумотида.

Кўчмас мулк бозорини жонлантириш учун барқарорлик ва прогноз қилиш имконияти жуда муҳим, чунки бу харидларнинг асосий қисми сотиб олинган квартираларда 5–20 йил яшашни мўлжаллаётган оилалар томонидан амалга оширилади, дейди Лашков.

«Ноаниқлик даражаси юқори бўлганда одамлар муҳим ва қимматбаҳо харидни кейинги қолдиришади», — дея қўшимча қилади у.

Квартира харид қилишнинг мавридими?

Кўчмас мулк харид қилиш пулларни инфляциядан ҳимоя қилади, дейди «ИНКОМ-Недвижимост» иккиламчи бозори бошқаруви директори Сергей Шлома.

«Мураккаб иқтисодий вазиятда инфляцион кутилмалар жуда кучли бўлади; боз устига, кўпчилик курс тушиб кетиши важидан ёки Россияда нодўст давлатларнинг тўлов воситаларига тақиқ киритилиши мумкинлигидан ўз пулларини, айниқса, валютасини банкларда сақлашдан чўчиб туради. Бинобарин, молиявий воситаларни сақлаб туриш учун устувор вариант сифатида кўчмас мулк харид қилиш қолади. Бу консерватив актив, яъни энг ишончли ва хавфсиз, бунда одамлар ўзларини ҳимояланган ҳис қилишади», дейди Шлома.

Эксперт бу ҳолатда талаб пасайиши ва таклиф кўпайиши, чегирмалар тарқатилишини қайд этади. Шу сабабли фойдани кўзлаб қайта сотиш учун инвестиция киритиш ўз долзарблигини йўқотган, бундай ҳолатлар амалда йўқ ҳисоби.

«Агар турар жой билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш керак бўлса, ҳозир айни мавриди — ҳам бирламчи, ҳам иккиламчи бозорда танлов жуда катта. Иккиламчи бозорларда битимларнинг 90 фоизига 10–15 фоиз орасида, максимум 20 фоиз чегирма берилмоқда. Ҳамкасбларимизнинг гувоҳлик беришларича, бирламчи бозорда ҳам манзара шундай: 90 фоиз лойиҳаларда ўртача 16 фоиз чегирма тақдим этилмоқда», — дейди Сергей Шлома.

«Метриум» компанияси бошқарувчи ҳамкори Надежда Коркканинг айтишича, ҳозир турар жой хариди учун қулай фурсат пишиб етилган.

«Кўчмас мулкка сармоя киритиш нотекис даврларда омонатларни сақлаш имконини беради. Узоқ муддатли истиқболда киритилган сармоялар албатта кўпайди, чунки йиллар ўтиб кўчмас мулк нархи ошиб боради», дейди Коркка.

Экспертга кўра, агар бўш пуллар ва барқарор даромад бўлса, кўчмас мулк харид қилиш, жумладан, ипотекага ҳам олиш мумкин.

«Кўпчилик қисман сафарбарлик тўғрисидаги хабарлар босими остида турар жой харидини кейинга сурган. Бироқ чўзилувчи ваҳима юз бермаган», дейди «КОРТРОС-Москва» тижорат директори Дмитрий Железнов.

«Россияликлар ҳисобрақамларида шунчаки ишламасдан ётган катта-катта суммаларни жамғаришган. Бу пуллар қандай валютада бўлмасин, тураверса барибир қадрини йўқотади. Кўчмас мулк сотиб олиш вазиятдан олиб чиқиши мумкин. Иқтисодиётдаги вазият циклик кўринишга эга, 2008 ва 2015 йилларда ҳам таназзул рўй берган, бироқ кейин бозор ўзини ўнглаб олган».

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг