08:25 / 11.11.2022
4 722

АҚШ Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишларини баҳолади

АҚШ Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишларини баҳолади
АҚШ армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли Россиянинг Украина ҳудудига кенг кўламли босқини бошланганидан буён томонлар берган йўқотишларга тахминий баҳо берди.

«Гап 100 мингдан ортиқ ҳалок бўлган ва яраланган россиялик ҳарбийлар ҳақида бормоқда. Эҳтимол, Украина томони билан ҳам худди шундай рақамлар. Бу инсоният учун улкан уқубат», деди АҚШ президенти Жо Байденнинг юқори мартабали ҳарбий маслаҳатчиларидан саналган Милли Нью-Йоркдаги Иқтисодий клубдаги чиқиши чоғида.

Шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар чоғида 40 мингга яқин тинч аҳоли вакили қурбон бўлгани айтилган. Милли томонларни музокараларга чақирган. Унинг сўзларига кўра, айнан ҳозир бунинг учун имконият пайдо бўлди.

«Ҳарбий ғалабага, сўзнинг тўғри маъносида, ҳарбий воситалар билан эришиб бўлмаслиги мумкинлиги ва бошқа методларга ўтиш кераклиги бўйича ўзаро тушуниш юзага келиши керак», деган у.

Милли фронтдаги ҳаракатлар тўхтайдиган ёки совуқ туфайли секинлашадиган қишки даврни музокаралар учун қулай вақт деб атаган.

«Музокаралар ўтказиш имконияти пайдо бўлганда, тинчликка эришиш мумкин бўлганда... фурсатдан фойдаланинг», дея жавоб қайтарган Милли журналист саволига.

Йўқотишлар

Фото: Reuters
Милли йўқотишлар тўғрисидаги бу маълумотларни қандай олганига аниқлик киритмаган. Унинг версияси томонлар берган расмий сонлардан ҳам, бошқа мустақил манбаларнинг ҳисобларидан ҳам сезиларли даражада фарқланади. Умуман, барча версиялар бир-биридан жиддий фарқлидир.

Украина қуролли кучлари Бош штабининг 9 ноябр кунги маълумотига кўра, уруш бошидан буён 77 мингдан ортиқ россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлган. Россия мудофаа вазирлиги сўнгги бор йўқотишлар тўғрисида 21 сентябр куни хабар берганди ва 5937 кишининг ўлимини тасдиқлаганди.

Украина томони йўқотишлари ҳақида эса маълумотлар янада камроқ. Август ойи охирида Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал Валерий Залужний 9 минг атрофида украин ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилганди. Ёз бошида эса Украина ҳукумати урушда мамлакат қуролли кучларининг 10 мингга яқин ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини маълум қилганди.

BBC ва «Медиазона» ҳисоблари
Ольга Ившина, BBC рус хизмати корреспонденти

Урушнинг илк кунидан буён BBC рус хизмати «Медиазона» ва кўнгиллилар жамоаси билан ҳамкорликда россиялик ҳарбийларнинг Украинадаги йўқотишлари бўйича рўйхат юритиб келади. 10 ноябр куни ҳолатига кўра, нашр 8600 дан ортиқ аскар ва зобитлар ўлимини номма-ном тасдиқлаган.

Биз фақат ўлим ҳолатлари расман тасдиқланган хабарларга таянамиз, шунинг учун йиғилган рақамлар йўқотишларнинг ҳақиқий даражасини акс эттирмаслиги мумкин. Бизнинг рўйхат Россияда дафн этилган ҳақиқий уруш қурбонларининг камида 40-60 фоизини қамраб олган бўлиши мумкин деб тахмин қиламиз. Биз Россиянинг 60 дан ортиқ аҳоли яшаш манзилларидаги қабристонлардаги вазиятни ўрганган ҳолда шундай хулосага келганмиз.

Шундан келиб чиқиб, нисбатан консерватив баҳога кўра, Россия армияси ва Росгвардиянинг Украинадаги йўқотишлари 17 200 кишидан кўпроқни ташкил этиши мумкин.

Ҳарбий-денгиз таҳлил маркази эксперти Майкл Кофманнинг баҳоларига кўра, Украинада ҳалок бўлган ҳар бир россиялик ҳарбийга 3,5 атрофида ярадор тўғри келади.

Бу маълумотга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, Россия армиясининг тикланмас йўқотишлари (яъни жароҳат, ўлим ва бедарак кетиш сабаблари билан сафдан чиққанлар сони) камида 77 400 кишини ташкил этиши мумкин.

Шу билан бирга, сафарбар қилинганларнинг дастлабки гуруҳлари фронтда пайдо бўлиши ортидан Украина қуролли кучлари қўмондонлиги Россиянинг йўқотишлари бўйича эълон қилиб бораётган кунлик рақамлар бир неча баробар ўсган.

Ёз давомида ва кузнинг бошида Украина қуролли кучлари кунига ўртача 200 россиялик ҳарбий хизматчи ўлими ҳақида ҳисобот берган бўлса, бугунги кунга келиб бу рақам 600 ва ундан кўпроқ бўлмоқда.

Биз ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳақидаги маълумотларни йиғишда давом этамиз.


Фото: Reuters
Музокаралар

4 октябр куни Украина президенти Володимир Зеленский Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказмаслик ҳақидаги қарорини кучга киритганди.

Владимир Путин куз бошида «мулоқотга тайёрлиги», аммо бу «реалликдан келиб чиқиб», яъни Запорижжя, Херсон, Донецк, Луҳанск областлари ва Қрим аннексияси тан олинган ҳолда бўлиши мумкинлигини айтганди.

Бу позицияни 9 ноябр куни Россия ТИВ спикери Мария Захарова ҳам тасдиқлади. «Биз ҳали ҳам музокаралар учун очиқмиз. Биз улардан ҳеч қачон бош тортмаганмиз. Биз уларни, албатта, ҳозирги пайтда юз бераётган воқеликни ҳисобга олган ҳолда ўтказишга тайёрмиз», — деди у брифингда.

Украинанинг позицияси эса бунинг акси - Киев мамлакат ҳудудий яхлитлиги тўлиқ тикланишини, жумладан Қрим қайтарилишини, айбдорлар жазоланишини ва уруш давомида келтирилган зарар қоплаб берилишини талаб этмоқда.

Шу билан бирга, Зеленскийнинг сўнгги баёнотларида оҳанг бироз юмшади: энди у икки мамлакат ўртасида мулоқот бошланиши учун Путин ҳокимиятдан четлатилишини шарт қилиб қўймаяпти.

Politico нашри буни Киевга АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан келиб кетгани билан боғламоқда.

У гўёки Украина ҳукуматидан Россия билан можарони ҳал қилишга «тайёрлигини намойиш этиш»ни сўраган.

«Бу улар ҳозироқ музокаралар столига ўтириши керак дегани эмас. Биз Россия қилаётган ишлардан келиб чиқиб, ҳозир бунинг учун тўғри вақт деб ўйламаймиз. Лекин улар можаро ҳал этилишига тайёрликларини кўрсатиши керак», дея манбаси сўзларини келтиради нашр.

Шу кунларда Киевда бўлиб қайтган АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд ҳам музокараларга чақирганди. Аммо у музокараларни бошлаш қарорини Украинанинг ўзи қабул қилиши даркорлигини қўшимча қилган.

«Улар [Россия] БМТ Уставига риоя этиши керак. Улар қўшинларини бу мамлакатдан олиб чиқиши лозим. Халқаро ҳамжамият Украинани қўллаб-қувватлайди», деганди у.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг