15:13 / 21.11.2022
931

Украинада уруш туфайли 8300 дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди

Украинада уруш туфайли 8300 дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди
Фото: AP
Украинада Россия босқини натижасида ҳозиргача камида 8311 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, улардан 437 нафари болалар. Бундан ташқари, 11 мингдан ортиқ тинч аҳоли жароҳатланган. Бу ҳақда 20 ноябрь, якшанба куни бўлиб ўтган умуммиллий телемарафон эфирида мамлакат бош прокурори Андрей Костин маълум қилди. «Аммо биз ҳақиқий кўрсаткич анча юқори эканлигини тушунамиз, бизда ҳали ҳам босиб олинган ҳудудларга кириш имкони йўқ», — дея қўшимча қилди у.

Костиннинг сўзларига кўра, сўнгги икки ой давомида Харкив, Донецк ва Херсон вилоятларининг оккупациядан озод қилинган ҳудудларида 700 дан ортиқ ҳалок бўлганларнинг жасади топилган, уларнинг 90 фоизи тинч аҳоли вакилларидир. «Биз деярли ҳар бир шаҳарда, Харкив вилоятининг ҳар бир қишлоғида Украина фуқаролари ҳалок бўлган жойларни топдик», деб таъкидлади бош прокурор.

Украина Бош прокуратураси уруш бошланганидан бери 45 мингдан ортиқ эҳтимолий ҳарбий жиноятлар ва миллий хавфсизлик асосларига қарши 19 мингдан ортиқ жиноятларни қайд этган, деди Андрей Костин.

Россия Федерациясининг 216 нафар ҳарбий хизматчиси ҳарбий жиноятларда гумон қилиняпти, улардан 17 нафари ҳарбий асирлар, қолганларига айбловлар сиртдан эълон қилинди, деди Костин. 60 нафар шахсга нисбатан айблов хулосаси судга юборилган, улардан 12 нафари судланган.

Россияликлар гумон қилинаётган жиноятлар орасида аҳоли пунктларига ҳужум қилиш, тинч аҳолига нисбатан ёмон муносабатда бўлиш (73 гумондор), тинч аҳолини қасддан ўлдириш (35 гумондор), жинсий зўравонлик (гумон 6 нафар ҳарбий хизматчига эълон қилинган, улардан бири қотилликда ҳам гумон қилинмоқда) бор.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг