06:30 / 20.12.2022
1 571

Украинада давлат хиёнатида айбланган собиқ президент Януковичга нисбатан тергов якунланди

Украинада давлат хиёнатида айбланган собиқ президент Януковичга нисбатан тергов якунланди
Фото: Getty Images
Украина Давлат тергов бюроси (ДТБ) ва мамлакат Бош прокуратураси собиқ президент Виктор Янукович ва собиқ бош вазир Николай Азаровнинг давлатга хиёнат қилиш иши бўйича терговни якунлади. Тергов маълумотларига кўра, уларнинг ҳаракатлари Россиянинг Украинага бостириб киришига ёрдам берган.

«Аниқланишича, босқинчи давлатнинг ҳарбий режаларига бир қатор собиқ юқори мартабали амалдорлар ҳисса қўшган. Улар босқинчиларнинг ҳарбий шахсий таркиби ва ҳарбий техникасини кўпайтириш билан «машғул бўлишди». Биринчидан, уларнинг «ёрдамидан» 2014 йилда Қрим Автоном Республикаси ва Севастопол шаҳрининг аннексия қилиниши, кейинроқ эса 2022 йил февралида Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли агрессияси учун фойдаланилган», — дейилади ДТБ баёнотида.

Терговчиларнинг фикрича, Виктор Янукович кейинчалик «Ҳаркив келишуви» деб номланган қонун лойиҳасини тайёрлаган: собиқ президент таклифи билан ҳужжат Украина ҳукумати томонидан маъқулланган, кейинроқ эса Олий Рада томонидан ратификация қилинган.

«Ҳаркив келишуви» — Россия ва Украина ўртасида 2010 йил 21 апрелда имзоланган шартнома. Бу Украина учун Россия газининг нархини қайта кўриб чиқиш эвазига Россия Қора денгиз флотининг Қримда қолиш муддатини дастлаб кутилган 2017 йилдан 2042 йилгача узайтириш имконини берди. Россия номидан уни ўша пайтда мамлакат президенти лавозимини эгаллаб турган Дмитрий Медведев имзолади. Россия 2014 йил апрелида Қримни аннексия қилиб, шартномани бир томонлама бекор этди.

Янукович ва Азаров нимада айбланмоқда?

ДТБ хабарига кўра, Янукович томонидан имзоланган келишув Украина манфаатларига зид бўлган ва ҳудудий яхлитлигига рахна солган.

«Ҳаркив келишуви» тажовузкорга 2014 йилда яриморолни эгаллаш учун етарли ресурсларга эга бўлиш ва 2022 йил февралида Украинага тўлиқ миқёсда бостириб кириш имконини берди. Ваҳоланки, Россия 1997 йилдаёқ яриморолдаги ҳарбий флотини камайтириши лозим эди», дейилади тергов идораси баёнотида.

ДТБ фикрига кўра, Украинанинг собиқ президенти ва бош вазирининг ҳаракатлари туфайли Россия армияси шахсий таркиби ва уларнинг ҳарбий техникаси келишувларда белгиланган миқдордан ошиб кетган. Хусусан, Севастополда 2013 йил охири - 2014 йил бошида камида 2,9 минг денгиз пиёдаси, 152 та зирҳли жанговар машина, 100 мм ва ундан юқори калибрли 30 та артиллерия тизими бор эди. Шу билан бирга, Россия Федерацияси мавжуд ускуналарни яширинча модернизация қилган, бунга Украина расмийлари эътибор бермаган.

Буларнинг барчаси Қрим ҳудудини Россия томонидан босиб олинишига ва босиб олинган ҳудудларда Россия Қуролли Кучларининг янги қисмларини шакллантиришга ёрдам берган, ўз навбатида бундан Украинага тўлиқ миқёсда бостириб кириш учун фойдаланилган.

Яна кимлар гумон қилинмоқда

Давлатга хиёнат қилишда гумонланаётганлар орасида собиқ мудофаа вазирлари (2010-2012 йилларда - Михаил Ежел), адлия вазирлари (2010-2013 йилларда - Александр Лавринович) ва ташқи ишлар вазирлари (2010-2012 йилларда - Константин Гришченко) ҳам бор. Уларга сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Барча айбланувчилар қидирувга берилган.

ДТБ маълумотига кўра, гумондорлар Кипр ва Беларус ҳудудида яшириниб юрибди, уларни экстрадиция қилиш масаласи ҳал этилмоқда.

Виктор Януковичнинг ўзи 2014 йилда Украинадан қочиб, Россияда яширинган. 2019 йил январ ойида Киев суди уни давлатга хиёнатда айбланиб, сиртдан 13 йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд қарори Апелляция суди ва Украина Олий суди томонидан тасдиқланди.

Николай Азаров 2014 йил январида истеъфога чиққанидан сўнг шахсий самолётида Вена шаҳрига учди, аммо кейин Россияга борди. 2020 йилда у Москва вилоятининг Рублёвка ҳудудидан 50 гектар ер олгани аниқланган эди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг