
Истанбул шаҳрида яшовчи дизайнер Эда Тошпинар янги йилни масжид меҳробида кутиб олди. Аниқроғи у Истанбулдаги масжидга оёқ кийими билан кириб, меҳроб олдида ярим яланғоч ўтирган ҳолда суратга тушди. Бу расмни дизайнер ўз Инстаграм саҳифасида гўё янги йил табриги сифатида тарқатди.
Туркиядаги масжидларга томоша қилиш учун кирадиган ғайридин аёллар ҳам авратларини тўсиб, бошларига рўмол ўрашлари талаб этилади. Катта масжидларнинг эшиги олдида кенг кўйлак ва рўмоллар туради ҳатто.
Тошпинарнинг мусулмонлар эътиқодини камситишига, оёқ кийими ва номувофиқ кийимларда масжидда суратга тушиб, тарқатишига жамиятнинг барча қатламлари томонидан муносабат билдирилди. Унинг бу қилиғи, Туркия жамоатчилиги томонидан ғазаб ва нафрат билан қарши олинди.
Ижтимоий тармоқларда “Бундай ҳурматсизлик қилиш учун одам эсини еган бўлиши керак!” “Ибодат жойлари барча дин вакиллари учун муқаддасдир. Бу ҳазиллашадиган иш эмас”, “Одамларни эътиқоди учун масхара қилиб бўлмайди”, “Сувдан қуруқ чиқиб кетишига йўл қўймаслик керак”, “У узр сўраши керак” каби кўплаб чақириқ ва эътирозлар билдирилди.
Дизайнер суратни Инстаграмдан ўчириб ташлади, бироқ узр сўрашни лозим топмади.
Истанбул Бош прокуратураси Эда Тошпинарнинг бу қилмиши учун тергов бошлаганини билдирди. Жиноят иши Туркия Жиноят Кодексининг 216-моддаси доирасида "халқнинг нафрат ва адоватини қўзғатиш ёки камситиш" моддаси бўйича очилгани маълум қилинди.
Эда Тошпинар 1980 йили Истанбулда туғилган. У Туркиянинг биринчи турк ҳайкалтароши ва Отатурк ҳайкалини ясаган Кенан Ёнтуннинг набирасидир.
Аҳмад Али тайёрлади
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар