
Фото: Reuters
Испания полицияси 25 январ куни 74 ёшли нафақахўрни ҳибсга олди. У ноябр ойи охири ва декабр ойи бошида портловчи мослама солинган 6 та хатни бир неча манзилларга, жумладан Украина элчихонаси ва бош вазир Педро Санчес номига жўнатганликда гумон қилинмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахс Испания фуқароси бўлиб, 2013 йилда нафақага чиққунга қадар Витория шаҳри маъмуриятида амалдор бўлиб ишлаган. У техника ва компютерда ишлаш кўникмаларига эга, деб ёзди El Pais.
Полициянинг таъкидлашича, ҳозирча ҳамма нарса унинг ёлғиз ўзи ҳаракат қилганини ва бирор бир гуруҳ билан алоқадор эмаслигини кўрсатмоқда. Аммо жараёнда бошқа шахсларнинг иштироки ёки таъсири истисно қилинмаяпти.
Полиция унинг Бургос шаҳридаги уйини тинтув қилган, у ерда гумонланувчи ёлғиз яшаган ва «портловчи мосламаларни тайёрлаган».
Мактублар Испания бош вазири Педро Санчесга, Мудофаа вазири Маргарита Роблесга, Украина элчиси Сергей Погорелцев ва АҚШ элчиси Жулисса Рейносога, Испания ҳарбий ёрдам доирасида Украинага юборган С-90 гранатаулоқтирувчи қуролини ишлаб чиқарувчи Instalaza қуролсозлик компанияси директорига ва Мадриддаги Торрехон де Ардоз авиабазасида жойлашган сунъий йўлдош маркази масъул шахсига жўнатилган эди.
Хатларнинг бирортасида таҳдидли ёзувлар бўлмаган, аммо юборилган манзиллардан келиб чиқиб, Испания томонидан урушда Украинани ҳарбий қўллаб-қувватланиши билан боғланган эди.
6 та мактубдани фақат биттаси портлаган - 30 ноябр куни Украинанинг Испаниядаги элчихонаси ходими мактубни кўздан кечириш чоғида портлаш юз бериб, жароҳат олган эди. Бошқа мактублар ўз вақтида аниқланиб зарарсизлантирилди.
El Pais хабарига кўра, полицияга гумондорни аниқлашда конверт ёрдам берган. Ходимлар конверт сотиладиган дўконларни видеокузатув камералари орқали текшириб, гумондорни аниқлашга муваффақ бўлишган.
Энди гумондорга терроризм моддаси бўйича айблов эълон қилиниши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар