22:22 / 26.01.2023
1 000

Россия яна Украина бўйлаб ракеталар йўллади

Россия яна Украина бўйлаб ракеталар йўллади
Фото: Meduza
Пайшанба куни Украина ҳудуди бўйлаб 50 дан ортиқ ракеталар учиб келган. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари қўмондонлиги хабар бермоқда. Тунда эса мамлакат камикадзе дронлар ҳужумига йўлиққанди - Украина президенти офиси раҳбари ҳисоблашича, Россия бу орқали ёппасига ракета ҳужумларидан олдин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини «банд қилиш»га уринган. Бундан олдинги ҳаво зарбалари вақтида Днипродаги кўп қаватли уйга ракета келиб тушганди.

«Тахминан Мурманск области ҳудудидан олтитача Ту-95 самолётлари ҳавога кўтарилди ва ракеталар учирди. 30 дан ортиқ ракеталар келиши кутилмоқда, уларнинг айримлари аллақачон турли областларда пайдо бўлган, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга киришган», деганди эрталабки телеэфир чоғида Украина ҳаво кучлари расмийси Юрий Игнат.

Кун ўрталарига келиб Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний янги рақамларни эълон қилди. Унга кўра, россияликлар Ту-95, Су-35 ва МиГ-31К самолётлари ҳамда Қора денгиз акваториясидаги кемалардан 55 та ракета учирган (Х-101, Х-555, Х-47 «Кинжал», «Калибр», Х-59). Залужнийнинг баёнотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 47 та қанотли ракетани уриб туширган, шундан 20 таси Киев ҳудудига учиб келганди. Бундан ташқари, тўртта Х-59 русумли бошқарилувчи авиация ракеталаридан учтаси нишонга етиб бора олмаган.

Тонгда бутун Украина бўйлаб ҳаво тревогалари янгради. Киевда одамлар метрога тушиб яширинди. Шаҳар мэри Виталий Кличко пойтахтнинг икки районмида портлашлар рўй берганини хабар қилди - Днипровский ва Голосеевский.

«Ракеталардан бири Голосеевский районида қурилиш ҳудудига келиб тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва икки киши яралангани тўғрисида маълумот бор. Жабрланганлар шифохонага ётқизилган», дея ёзган Кличко телеграм-каналида. Шаҳар маъмурияти хабарида «ракета парчалари» келиб урилиши ҳақида гап кетган.

Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попконинг хабарига кўра, Россия Киев йўналишида турли типдаги 20 га яқин ракета учирган, «ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг фаолияти туфайли» ҳаводаги барча нишонлар уриб туширилган. У шаҳар аҳолисидан ҳаво тревогалари тингунича бошпаналарда қолишни сўраган. Попконинг маълумотига кўра, Киевда ракета парчалари тушиши оқибатида 55 ёшли эркак ҳалок бўлган.

Душанба кунги ҳаво тревогалари чоғида метрога тушган киевликлар. Фото: Reuters
Кейинроқ Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати вакили Олександр Хоружний россияликларнинг 26 январ кунги ҳужумлари оқибатида жами 11 киши ҳалок бўлиб, яна шунча одам яралангани тўғрисида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, ракета ва дрон ҳужумлари Украинанинг 11 ҳудудида қайд этилган.

Хусусан, Миколайив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Ким област ҳудуди бўйлаб камида бешта ракета йўлланганини хабар қилган.

Украина нашрларида Днипропетровск, Одесса, Житомир, Запорижжя ва Винница областларида ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари мазкур ҳудудларга келган ракеталарни уриб туширгани ҳақида хабар берган. Кировоград областида портлашлар эшитилган. Ушбу ҳудудлар раҳбарлари аҳолини бошпаналардан чиқмасликка ва портлаш фотолари ҳамда видеоларини нашр қилмасликка чақирган.

Одесса областида ракета ҳужумлари оқибатида иккита муҳим инфратузилма объектлари шикастланган, бу ҳақда Одесса райони ҳарбий маъмурияти раҳбари Юрий Крук маълум қилди.

Киев области ҳарбий маъмурияти ҳам ҳудудда энергетика объектига зарба берилганини маълум қилган - айнан қандай объект эканига аниқлик киритилмаган. Ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш тревогалари тўрт соат давомида амал қилган.

Киев шаҳрида, шунингдек Киев, Одесса ва Днипропетровск областларида ракета ҳужумлари хавфи туфайли электр энергияси фавқулодда ўчирилган. Одесса, Кривий Риҳ ва бошқа қатор шаҳарларда электрда ҳаракатланувчи транспортлар тўхтатилган.

Киев области полицияси бошлиғи Андрей Небитов пайшанба куни уриб туширилган ракета парчалари тасвирларини эълон қилди
Фото: T.ME/ANDRII_NEBYTOV

Олдинги ракета зарбалари

Россия 10 октябрдан буён Украинадаги энергетика инфратузилма объектларига ёппасига ракета зарбалари бериб келмоқда ва буни ҳарбий нишонларга ҳужум деб изоҳламоқда. Украина ҳукумати бу ҳужумларнинг ҳақиқий мақсади украинлар иродасини синдириш ва Киевни номақбул шартларда музокараларга боришга кўндиришга қаратилган деб ҳисоблайди.

Пайшанба куни Россия Украина бўйлаб навбатдаги ракета зарбалари юзасидан изоҳ бермади, Украина ҳукуматига кўра, бу ҳужумлар 26 январга ўтар кечаси дронлар ҳужумлари билан бошланган.

Украина ҳаво кучлари хабар қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари мамлакат ҳудудига кирган барча Shahed-136/131 русумли камикадзе дронлари (24 та) уриб туширилганини маълум қилди. Шундан 15 та дрон Киев области осмонида йўқ қилинган. Маълум қилинишича, дронлар Азов денгизининг шарқий қирғоғидан учирилган ва уларнинг аксари Украинанинг марказий ҳудудларида тўхтатилган.

Днипропетровск области раҳбари Николай Лукашук эса камикадзе дронлар ҳужуми вақтида «саноат корхонаси зарбага учрагани» ҳақида хабар берган.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак дронлар ҳужуми вақтида «душман ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларини банд қилишга уринаётгани», бир неча ҳудудларда ҳаводаги нишонлар йўқ қилингани ҳақида ёзди. Дронлар ҳужуми ва ракета зарбалари орасида кўп танаффус бўлмаган.

Украина бўйлаб сўнгги ракета зарбалари 14 январ куни амалга оширилганди. Ўшанда россияликларнинг авиаташувчиларни йўқ қилишга мўлжалланган оғир ракетаси Днипродаги кўп қаватли уйга келиб урилганди. Бу ҳужум қурбонлари сони 46 кишини ташкил этган.

Днипро дарёси соҳилидаги тўққиз қаватли турар жой биносига зарба шанба куни, аҳолининг асосий қисми уйда эканида берилган. Х-22 ракетаси келиб тушиши оқибатида бинонинг икки подъезди буткул қулаб тушган.

Россия ҳукумати эса бинога украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган ракета қулаганини иддао қилган. Украина ҳукумати буни ёлғон деб атаган. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук мамлакат армиясида товуш тезлигида ҳаракатланувчи Х-22 ракеталарини уриб тушириш имконияти йўқлигини қайд этганди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг