23:53 / 28.01.2023
235

Доналд Трамп сайловолди кампаниясини бошлади

Доналд Трамп сайловолди кампаниясини бошлади
Фото: AP
АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп шанба куни илк сайловолди митингларини ўтказмоқда, икки ой олдин у давлат раҳбари лавозими учун курашда қатнашиш ниятини маълум қилган эди.

Associated Press хабарига кўра, у ҳар куни иккита митингни режалаштирган. Ҳозирча Трамп ўз партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашиш ниятини билдирган ягона республикачидир.

Бироқ яқин ойларда унинг жиддий рақиблари пайдо бўлиши кутилмоқда. Масалан, сайлов пойгасида иштирок этиш қарорини Флорида штатининг жуда машҳур губернатори Рон ДеСантис эълон қилиши мумкин.

АҚШ собиқ вице-президенти Майк Пенс ва БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейли ҳам праймеризда қатнашиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бошқа республикачи сиёсатчилар ҳам ўз номзодини илгари суриши мумкин.

Трамп 2020 йилги президентлик сайловида ғалаба қозона олмади ва ҳозирги давлат раҳбари Жо Байденга ютқазди. Шу билан бирга, республикачи ҳамон овоз бериш пайтидаги қонунбузарликлар унинг ғалаба қозонишига тўсқинлик қилганини даъво қилмоқда. Ушбу мағлубиятга қарамай, Трамп бу йиллар давомида Республикачилар партиясининг энг нуфузли вакили бўлиб қолди.

Вазият 2022 йил ноябрида, Трамп томонидан қўллаб-қувватланган қатор сиёсатчилар АҚШ Конгрессига сайловда ғалаба қозона олмаганида бироз ўзгарди. Натижада, республикачилар, кўп прогнозлардан фарқли ўлароқ, Сенатда кўпчиликни қўлга кирита олмадилар ва фақат катта қийинчилик билан Вакиллар палатасида кўпчиликни қўлга киритдилар.

Ўшанда АҚШдаги кўплаб оммавий ахборот воситалари айнан Трамп туфайли партия ишончлироқ ғалабага эриша олмаганини тахмин қилган эди. Сўровлар собиқ президент рейтингининг пасайганини ва аксинча, ДеСантиснинг машҳурлиги ошганини кўрсатди.

Бироқ, сўнгги ҳафталарда вазият ўзгара бошлади: Трамп, бир нечта сўровларга кўра, республикачи электорат орасида машҳурлик бўйича ДеСантисдан ишончли тарзда олдинда боряпти.

АҚШда президентлик сайлови 2024 йилда бўлиб ўтади. Ундан олдин демократлар ҳам, республикачилар ҳам ўз номзодини танлаши керак бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Доналд Трамп сайловолди кампаниясини бошлади