17:39 / 14.02.2023
1 082

Самолётдан поездни афзал кўраётган Путин: у нимадан чўчияпти?

Самолётдан поездни афзал кўраётган Путин: у нимадан чўчияпти?
Россия президенти учун унинг асосий қароргоҳларига темирйўл тармоқлари тортилган ва ёнида махфий бекатлар қурилган. Уруш бошланишига ярим йил қолганида у худди Ким Чен Ин каби кўп сафарларига поездда чиқа бошлаган. Поезд состави Путиннинг дўсти билан боғлиқ компанияга тегишли.

Россиянинг «Досье» журналистик суриштирувлар маркази тўплаган маълумотларга кўра, РФ президенти Владимир Путин сўнгги вақтларда мамлакат ичкарисида ҳаракатланишда Ил-96-400 самолётларидан камроқ фойдаланиб, зирҳланган темирйўл махсус сотавини афзал кўрмоқда.

В.Путин зирҳланган поезд вагонида. Фото: ТАСС
Бу зирҳланган поезд состави президент учун 2014–2015 йиллардаёқ тайёрланган, бироқ давлат раҳбари ундан 2021 йил ярмига келиб — Россия армияси Украинага бостириб киришидан аввалроқ фаол фойдалана бошлаган.

Махсус составга Путиннинг дўсти Юрий Ковалчукка тегишли компания эгалик қилади. Фото: sputnik.ru
Поездга эгалик қилувчи «Гранд-Сервис Экспресс» компанияси Юрий Ковалчукнинг жиянига тегишли. Ковалчук — «Россия» банкининг асосий акциядори ва Путиннинг энг яқин дўсти. Унинг тузилмалари Путиннинг Геленжик яқинидаги қасрига ҳам хизмат кўрсатади.

Қароргоҳларга тортилган темир излар

«Проект» маълумотларига кўра, энг қаттиқ қўриқланадиган, вертолёт қўниш майдончасига ҳам эга темирйўл бекатларидан бири Долгие Бороди қишлоғи яқинидаги Валдай миллий парки ҳудудида қурилган. Маҳаллий аҳоли вакилларининг хабар беришича, темирйўл тармоғи фақат президент учун қурилган, журналист бекат деворига яқинлашмоқчи бўлганда қўриқчи уни ҳайдаб юборган.

Бундан ташқари, Москва ва Санкт-Петербург оралиғида қатнаган собиқ машинистнинг ҳикоя қилиб беришича, Валдай яқинидаги темирйўл илгари «жуда ёмон ҳолатда» бўлган, бироқ президент қароргоҳига темирйўл тортиш бошлангач, Путин состави ўтиши керак бўлган йўлларнинг бир қисми таъмирланган, «у бормайдиган участкалар эса таъмирланмай қолиб кетган».

Сунъий йўлдош тавсирларидан маълум бўлишича, Путин учун Валдайдаги бекат 2019 йилда қурилган.

Путиннинг қароргоҳларини боғловчи темирйўл харитаси. Скриншот: «Досье».
Яна бир бекат Путиннинг Москва областидаги Ново-Огорёво қароргоҳидан 400 метр нарида бунёд этилган, дейишмоқда журналистлар. Нашр маълумотларига кўра, бекат остидаги ер майдони хусусий қўллардан 2015 йилда Федерал қўриқлаш хизмати тасарруфига ўтказилган.

«Бекатнинг ўзи камроқ сондаги вагонларга мўлжалланган ва ҳар 10 метрда камералар билан жиҳозланган баланд девор билан ўралган», — деб ёзади «Проект».

Журналистларга кўра, 2017 йили бу ҳудудда Сочидаги «Бочаров ручей» қароргоҳи яқинида ҳам темирйўл платформаси ва боши берк темирйўл тармоғи қурилган. У ҳам девор билан ўралган.

Нега самолёт эмас поезд?

Бундай темирйўл составидан махфийликни таъминлаш мақсадида фойдаланилади: президент отрядининг самолётларини турли сервислар ёрдамида бемалол кузатиш мумкин. Пассажир поездлари учун бундай сервислар йўқ.

Поезд РЖД («Россия темир йўллари»)нинг одатдаги состави каби кўринишга эга.


Поезд РЖДнинг одатдаги состави каби кўринишга эга. Фото: rutrain.com
«Бу поезд энг юқори устуворликка эга. Бошқа поездларнинг ҳаракатланиш жадвалини Путиннинг ҳаракатланишига қараб мослаштиришади, махсус состав максимал тезлик ва тўхташларсиз ўтиб кетиши учун. Махсус поездда йиғилишлар ўтказиш учун кабинет ва президент учун ётоқли вагон, кузатувчилар ҳамда махсус алоқа учун вагонлар ҳам бор», — деб ёзади «Досье».

Махсус поезд мавжудлиги — асло сир эмас. 2019 йил ноябрида бош вазир Дмитрий Медведев унда йиғилиш ўтказганди ва бу поезд ҳақида «Комсомольская правда» газетаси ёзиб ҳам чиққан эди.

Россиянинг 2019 йилдаги бош вазири Д.Медведев бу поездда йиғилиш ўтказганди. Фото: government.ru
«Комсомольская правда» нашрнинг ҳикояси «Досье» манбаси сўзлаганлари билан мос тушади: «Махсус поезддан фақат президент ва бош вазир фойдаланиши мумкин».

Россиянинг 2019 йилдаги бош вазири Д.Медведев. Фото: government.ru
«КП» нашри поезд вагонлари РЖДнинг оддий кулранг тусига бўялгани ва қизил ҳошияси тортилгани, темирйўл состави йиғма экани, уни «давлатнинг биринчи шахсларининг ҳар бир сафарига қараб йиғишлари»ни ёзган. Махфий вагонлар бир нечта, қолганлари оддий СВ ёки купе вагонлар. Составни иккита ТЭП70БС тепловози тортади.

Поезд вагонида «Гранд-Сервис Экспресс» компанияси логотипи кўриниб турибди
Президент махсус зирҳланган поезди состави темирйўл ишчилари ва трейнспоттерлар камерасига бир неча марта тушиб қолган. «Проект» суҳбатлашган собиқ машинистга кўра, Путиннинг зирҳланган поезди «Москва-Каланчевская» бекати депосида сақланади. У ерда VIP-шахслар учун ёпиқ вокзал ҳам бор. 2017 йилда бу бекат перронига кортеж учун янги йўл қурилган.

Суриштирув муаллифлари бундай поезд нархи 1 миллиард рублдан ортишини ҳам ҳисоблаб чиқишган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг