16:25 / 21.03.2023
490

Москвада Ўзбекистон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув содир бўлди

Иллюстратив фото

Ижтимоий тармоқларда Москва шаҳридаги Ant Yapi корхонаси қурилиш объектида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув содир бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Консуллик бўлими ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси ходимлари воқеа жойига бориб, объектда қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилганини, ишчиларнинг яшаш жойи ва ҳудуд полиция ҳимояси остида эканига ишонч ҳосил қилган.

Маълум бўлишича, оммавий муштлашувга шу йилнинг 18 март куни ошхонада навбат кутиш вақтида юзага келган тушунмовчилик сабаб бўлган. Тортишув 50-60 нафар фуқаро иштирокида оммавий муштлашувга айланган.

Воқеа жойига зудлик билан етиб келган ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 40 га яқин ишчи қўлга олиниб, вазиятга ойдинлик киритиш учун ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Таъкидланишича, мавжуд маълумотларга кўра, қўлга олинганлар сўроқ қилиниб, тушунтириш хати ёзилгач, қўйиб юборилган.

Оғир тан жароҳати олган ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Яқин кунларда консуллик бўлими ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси ходимлари вазиятга ойдинлик киритиш учун қурилиш компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг