23:54 / 25.03.2023
226

АҚШ бўйлаб ҳалокатли торнадо: ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, шаҳар вайронага айланди

АҚШ бўйлаб ҳалокатли торнадо: ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, шаҳар вайронага айланди

Фото: Rogelio Solis/AP

25 март куни Америка Қўшма Штатларидаги ҳалокатли бўрон йигирмадан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва шаҳарлардан бирини бутунлай вайрон қилди.

SkyNews хабарига кўра, торнадо оқибатида 23 киши ҳалок бўлган. Энг катта вайронагарчилик Миссисипи ва Алабама штатларида қайд этилган: у ерда кўплаб бинолар вайрон бўлган, электр узатиш линиялари шикастланган.

Шунингдек, кучли шамол Миссисипи штатидаги Роллинг Форк шаҳрини «ер юзидан ўчириб ташлаган», у ерда камида 12 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Роллинг Форк мэри Элдриж Уокер CNN телеканалида маълум қилди.

«Менинг шаҳрим энди йўқ, лекин биз тирикмиз. Биз куч тўплаб, қайтиб келамиз», деди у.

ОАВ хабарига кўра, шамол тезлиги соатига тахминан 113 км га етган, торнадо йўлининг умумий узунлиги 160 километрдан ошган.

Фавқулодда хизматлар ҳодиса оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланмоқда. Биргина Миссисипи штатида 17 мингга яқин хонадон электр таъминотисиз қолган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этяпти.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг