Суд-ҳуқуқ ислоҳотини танқид қилган мудофаа вазири ишдан олинганидан кейин Исроилда тартибсизликлар авж олди. Намойишчилар Нетаняхунинг Қуддусдаги уйидан 20 метр нарида жойлашган назорат-ўтказиш пунктини бузиб ўтишга муваффақ бўлди.
Минглаб намойишчилар Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг Қуддусдаги қароргоҳи олдида суд-ҳуқуқ ислоҳотларига қарши тўпланишди.
Нетаняху мудофаа вазирини лавозимидан четлатгач, Исроилнинг кўплаб шаҳарларида норозилик намойишлари бошланди.
YNet маълумотларига кўра, Тел-Авивдаги намойишчилар Аялон шоссесини (Исроилнинг энг йирик автомобил йўли) ҳар икки йўналишда ҳам тўсиб қўйган, автомобил шиналарини ёқиб, баррикадалар ўрнатишмоқда.
Нетаняху қароргоҳи жойлашган Қуддусдаги Азза кўчасида яна мингга яқин намойишчи тўпланган. «Kan-11» телеканалининг хабар беришича, бош вазир қароргоҳи яқинидаги назорат-ўтказиш пунктини бузиб ўтган намойишчиларга полиция сув пуркагичлар билан қаршилик қилмоқда.
Мухолифат етакчиси ва собиқ бош вазир Нафтали Беннет Нетаняхуни мудофаа вазирини ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғини қайтариб олишга ва суд-ҳуқуқ ислоҳотини тўхтатишга чақирди.
«Исроил давлати катта хавф остида. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги муҳим эмас. Мен барча намойишчилар ва Исроил фуқароларидан зўравонлик ишлатмасликни, қон тўкмасликни сўрайман», деди Беннет.
Нетаняху қароргоҳи, Исроил, Қуддус, Намойиш “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг