14:21 / 05.04.2023
244

Суриялик қочқин Германиядаги шаҳарга мэр бўлди

Суриялик қочқин Германиядаги шаҳарга мэр бўлди

Фото: SWR

Германиянинг Баден-Вюртемберг еридаги Остелсҳайм шаҳрида суриялик қочқин Райан Алшебл мэр этиб сайланди. DPA агентлиги маълумотига кўра, Алшебл катта эҳтимол билан Германия жануби-ғарбидаги келиб чиқишига кўра суриялик бўлган илк мэрга айланди.

DPA нашри ёзишича, 29 ёшли Алшебл ўзи туғилган Ас-Сувайда шаҳрини 2015 йилда тарк этганди, ўша вақтда у армияга чақирув ёшига етганди. Аввалига у Ливан орқали Туркияга қочиб ўтади. Кейин бошқа мигрантлар билан биргаликда Грециянинг Лесбос оролига етиб олади.

Германияга келгач Алшебл Калв шаҳридан қўним топади, бу ерда бир ярим йил давомида турли квартираларда яшайди ва немис тилини ўрганади. Кейин эса Алтенгштетт шаҳрига йўл олади. Бу ерда Алшебл маҳаллий маъмуриятда стажировка ўтайди ва мэрияга ишга кириб, бу ерда кейинги етти йил давомида ишлайди.

2023 йилга келиб Алшебл қўшни Остелсҳайм шаҳри мэрлиги учун номзодини қўяди, овоз бериш якунларига кўра у икки нафар маҳаллий номзод Марко Штраус ва Матиас Фейни ортда қолдиради. DPA маълумотига кўра, Алшебл сайловда 55,41 фоиз овоз жамғарган ҳолда ғолиб чиққан.

Янги мэр ўз сайловолди кампаниясида шаҳар инфратузилмаси, шаҳар маркази, болалар боғчаси ва кекса ёшлиларни парваришлаш дастурини ривожлантиришга эътибор қаратишни ваъда қилган. Бундан ташқари, Алшебл атроф-муҳит муҳофазасига урғу беради ва хусусий уйларда қуёш панеллари ўрнатиш дастурини кенгайтирмоқчи.

Алшеблни Остелсҳайм аҳолисининг кўпчилик қисми, шу жумладан аввалги мэр Юрген Фукс ҳам қўллаб-қувватлаганига қарамай, барибир унга кескин қарши чиқувчилар ҳам топилди. DPA нашрига кўра, Алшеблнинг мухолифлари биринчи навбатда унинг келиб чиқишига эътироз қилишади. Алшебл эса бундай муносабатни тушунмайди ва асли суриялик экани сайловчилар учун қандайдир аҳамиятга эга бўлиши керак эмас деб ҳисоблайди. У Германияга келганига анча вақт бўлгани ва маҳаллий жамиятга мослашиб, фуқаролик олганини эслатади.

DPA нашри ёзишича, Алшебл июн ойида мэрлик лавозимига расман киришади. Бу вақтгача Алтенгштетт ратушасидаги ишларини якунлаб, Остелсҳаймда квартира қидирмоқчи. «Бу сайловлар, катта эҳтимол билан менинг ҳаётимда муҳим палла бўлади», — дея қўшимча қилади Алшебл.

  • 2011 йилда Сурияда фуқаролик уруши бошланган, унинг натижасида юз минглаб сурияликлар яхши ҳаёт излаб Европага йўл олган. Бу эса ўз навбатида 2015–2017 йилларда миграция инқирозини юзага келтирган. Мисол учун, 2015 йилда Евроиттифоқ ҳудудида бошпана учун мурожаат қилувчилар сони икки баробар кўпайиб — 1,3 миллион кишига етган. Шунингдек, Европа давлатлари чегараларини ноқонуний кесиб ўтувчилар сони кўп марта ошган. Германия ҳукумати 2015 йилдан 2016 йилга қадар бошпана тақдим этиш бўйича 1,2 миллион сўровни рўйхатдан ўтказган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг