![](https://storage.kun.uz/source/9/z08csLYUywQkzkdcp2qPqhW_kzfMm8d_.jpg)
Пентагон АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларининг «сизиб чиққан» материалларида ҳақиқий махфий маълумотлар бўлиши мумкинлигини тан олди. Оқ уй мамлакат ва иттифоқчиларнинг миллий хавфсизлигидан хавотирда.
Қўшма Штатлар АҚШ хавфсизлик хизматлари ва ҳарбий идоралари ишининг натижаларини батафсил акс эттирувчи, «сизиб чиққан» махфий ҳужжатлар мамлакат миллий хавфсизлигига қандай таъсир қилиши мумкинлигини баҳоламоқда. Бу ҳақда 9 апрель, якшанба куни Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх берган баёнотда айтилади.
Вашингтон ушбу ҳужжатларнинг «АҚШ миллий хавфсизлигига, шунингдек, иттифоқчилари ва ҳамкорларига» таъсирини ўрганмоқда, деди Сингх. У «сизиб чиққан» ахборотларда махфий ва ўта махфий маълумотлар бўлиши мумкинлигини тан олди. Шу билан бирга, у ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшириш ҳали якунланмаганига аниқлик киритди.
Махфий деб айтилган ҳужжатлар март ойи бошида интернетдаги турли форумларда пайдо бўла бошлади ва дастлаб унчалик эътиборни тортмади. Бироқ, кейинчалик маълум бўлишича, улардан Россия ва Украина армиясининг аҳволи ва хусусан, Украинанинг бўлажак қарши ҳужумига қониқарсиз тайёргарлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
Шу билан бирга, баъзи маълумотлар аниқ манипуляция белгиларини кўрсатди - хусусан, Россия йўқотишлари кам, Украинаники эса ортиқча баҳоланган.
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)