00:00 / 17.04.2023
525

Суданда ҳарбийлар кураши: ким ким билан урушмоқда ва можаро қандай келиб чиққан?

Суданда ҳарбийлар кураши: ким ким билан урушмоқда ва можаро қандай келиб чиққан?

Хартум аэропортида қуюқ тутун. Фото: Getty Images

Судан пойтахти Хартум ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бошланган жанглар мамлакат ҳарбий раҳбариятидаги ҳокимият учун кескин курашнинг бевосита натижаси бўлди.

Иккинчи кундирки пойтахтдаги муҳим стратегик нуқталарда ҳарбий тузилмалар - Тезкор реакция кучлари (RSF) ва мунтазам армия ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

Кечадан буён нималар бўлди?

  • Якшанба тонгида гувоҳлар Хартум, Омдурман ва Баҳри шаҳарларидаги бинолар оғир артиллериядан ўққа тутилгани овозларини эшитишган. 
  • Шунингдек, Қизил денгиз соҳилидаги Порт-Судан шаҳрида отишмалар овозлари эшитилган, можаронинг биринчи кунида бу ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар бўлмаётганди. Судан армияси RSF’нинг етти шаҳардаги, жумладан Порт-Судандаги базаси ҳам эгаллангани тўғрисида эълон қилган, аммо бу маълумот бошқа манбадан тасдиқланмаган.
  • Тонгда Судан қуролли кучлари Тезкор реакция кучларининг Эфиопия билан чегарадаги Гедареф штатидаги штаби устидан назорат ўрнатган. Армия шунингдек RSF’нинг Мероэдаги базасига авизарбалар берган. Ҳудудни қуршаб олишга ҳаракат қилинмоқда. 
  • RSF пойтахтда ва ундан ташқарида қатор стратегик объектлар, жумладан Дарфурда мамлакат қуролли кучлари бош штаби ва ҳарбий казармалари устидан назорат ўрнатганини эълон қилган.
  • Судан шифокорлари касаба-уюшмаларига кўра, жанглар бошланганидан буён тинч аҳоли вакилларидан камида 56 киши ҳалок бўлиб, 595 киши тан жароҳати олган.
Пойтахт Хартумдаги кучлар нисбати: кўк рангда исёнчилар, қизил рангда армия кучлари назорат қилаётган объектлар

Судан суверен кенгаши раҳбари, мамлакат қуролли кучлари бошлиғи Абдулфаттоҳ ал-Бурхон 15 апрел куни кечқурун RSF тарқатиб юборилгани ҳақида маълум қилди, бугун эса унинг қўмондонлигидаги армия исёнчилар билан ҳеч қандай музокара ўтказилмаслигини эълон қилди. Ўз навбатида, RSF кучлари ал-Бурхонни топиш ва қўлга олишга ҳаракат қилмоқда. Шу тариқа, можаро томонларида амалда вазиятнинг кескинлашувидан бошқа вариант йўқ.

Можаро тарихи

2021 йил октябридаги давлат тўнтаришидан кейин Суданни генераллардан таркиб топган кенгаш бошқармоқда ва уларнинг асосий иккитаси ўртасида низо келиб чиққан.

Улардан бири - генерал Абдулфаттоҳ ал-Бурхон мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони ва амалда мамлакат президенти ҳисобланади.

Иккинчиси - унинг ўринбосари ва Тезкор реакция кучлари қўмондони генерал Муҳаммад Ҳамдон Дагало, шунингдек Хемети ва Хамедти номи билан маълум.

Улар мамлакат қайси йўлдан бориши ва фуқаролик бошқарувига ўтиш масаласида келиша олишмаган.

Асосий мунозарали нуқталар - бу Тезкор реакция кучларини (бу эса 100 мингга яқин киши дегани) мунтазам армия таркибига киритиш ва шундан кейин армияни ким бошқариши масалаларидир.

Нега барчаси 15 апрел куни бошланди?

Бир неча кунлик кескинликдан кейин можаро янги босқичга ўтди: Тезкор реакция кучлари бутун мамлакат бўйлаб қайта жойлаштириб чиқилди, армия эса буни таҳдид ўлароқ баҳолади.

Вазиятни музокаралар йўли билан ҳал қилишга бўлган умидлар оқланмади - музокаралар бошланмади.

Шанба тонгида биринчи бўлиб ким ўқ узгани аниқ эмас, аммо бу аллақачон беқарорлашган вазиятни янада ёмонлаштиришидан хавотирланишмоқда.

Дипломатлар икки томонни ҳам ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда.

Тезкор реакция кучлари қандай тузилма?

Бундай гуруҳлар 2013 йилда Дарфурдаги исёнчиларга қарши ваҳший усуллар билан курашган ва жуда ёмон репутацияга эга бўлган «Жанжавид» полиция кучлари асосида тузилган.

Ўшандан буён генерал Дагало Яман ва Ливиядаги қуролли можароларда чиниққан, Судандаги олтин конларининг бир қисмини назорат қилувчи кучли ҳарбий тузилма ташкил этди.

Генерал Муҳаммад Ҳамдон Дагало Тезкор реакция кучларига раҳбарлик қилади. Фото: Reuters

Гуруҳ аъзолари инсон ҳуқуқларини бузишда, жумладан 2019 йил июнида 120 нафардан ортиқ намойишчи ёппасига ўлдирилишида айбланади.

Мазкур қудратли ҳарбий гуруҳ армияга бўйсунмайди ва бу мамлакатдаги барқарорликка катта таҳдид солади.

Генерал Ҳамдон Россия билан қандай алоқаларга эга?

Мактабни тамомламаган, ўтмишда туя савдоси билан шуғулланган генерал-лейтенант Муҳаммад Ҳамдон Дагало сўнгги йигирма йилликда катта бойлик ва таъсир доирасига эга бўлиб, ҳокимият чўққиларига кўтарилди.

Генерал Ҳамдон Дарфурда 2003 йилда бошланган ва 300 минг киши ўлимига сабаб бўлган можаро вақтида содир этилган оммавий қирғинларда айбланадиган «Жанжавид» гуруҳи қўмондони бўлган. Бу можаро туфайли миллионлаб кишилар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Ҳамдоннинг бу можародаги роли президент Умар ал-Баширнинг эътиборини тортади ва 2013 йилда уни «Жанжавид» базасида ташкил этилган Тезкор реакция кучлари раҳбари этиб тайинлайди. Аммо 2019 йили ал-Баширнинг истеъфоси талаб қилиб бошланган намойишлардан кейин генерал Ҳамдон собиқ ҳомийсига қарши чиқади ва унинг ҳокимиятдан четлатилишида ёрдам кўрсатади.

2019 йилда Тезкор реакция кучлари Суданда фуқаролик ҳукумати ўрнатилиши талаб қилинган демократик намойишларни бостиради.

Айрим маълумотларга кўра, улар Яманда Саудия Арабистони раҳбарлигидаги коалиция таркибида ҳам ёлланма куч сифатида ҳарбий ҳаракатларда қатнашмоқда.

Суданда Ҳамдоннинг манфаатлари олтин қазиб олиш ва қурилиш соҳаси билан боғлиқ. У шунингдек минтақавий сиёсат билан ҳам шуғулланиб, Россия билан алоқаларни ривожлантирган.

2022 йил мартида суданлик мулозимлар 2020 йилда тўхтаб қолган келишув тикланиши режалаштирилаётганини айтишган, унга кўра Москва Қизил денгиздаги Порт-Судандаги ҳарбий-денгиз базасини 25 йил муддатга ижарага олиши мумкин.

Ўшанда Ҳамдон Москвага борган ва россиялик расмийлар билан, жумладан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан учрашув ўтказган.

Ҳамдоннинг жангчиларига мунтазам армиядагидан кўра яхши ҳақ тўланади ва яхши қуроллантирилган

Судандаги SUNA давлат ахборот агентлиги ўшанда томонлар олдинги барча иқтисодий, дипломатик ва хавфсизлик соҳасидаги келишувларни давом эттиришга келишиб олганини ёзганди.

Жорий йил мартида Сергей Лавровнинг ташрифидан кейин Судандаги ҳарбий режим россияликларнинг ҳарбий-денгиз базаси қурилишини маъқуллади. Бу базага 300 га яқин ҳарбий ва тўрт кема жойлаштирилиши мумкин. Бунинг эвазига Москва Хартумни қурол ва ҳарбий техника билан таъминлаши кўзда тутилган.

16 март куни «Пресс-служба Пригожина» телеграм-канали «Вагнер» раҳбарининг New York Times мухбири саволига берган жавоби келтирилди, унда хусусан шундай дейилади: «биз... жаноб Хамедти билан ҳеч қандай алоқага эга эмасмиз».

Суданни нима учун ҳарбийлар бошқаради?

Дам олиш кунлари бошланган ҳарбий ҳаракатлар - 2019 йилда президент Умар ал-Башир ҳокимиятдан четлатилгандан кейин бошланган кескинликнинг навбатдаги авж олиши бўлди.

Ал-Башир қарийб ўттиз йил мобайнида ҳокимиятда бўлган. Аҳоли унинг кетишини талаб қилиб бошлаган оммавий намойишлардан кейин ҳарбийлар давлат тўнтариши амалга оширган ва ҳокимиятни ўз қўлига қўлга олган.

Мамлакат фуқаролари эса шундан кейин ҳам демократик бошқарувга ўтилишини талаб қилишда давом этади.

Натижада қўшма ҳарбий-фуқаролик ҳукумати тузилади, аммо 2021 йилги навбатдаги давлат тўнтариши оқибатида бу ҳукумат ҳам ағдарилади.

Шундан буён генерал Бурхон ва генерал Дагало ўртасидаги зиддият кучайиб келаётганди.

Ўтган йил декабрида ҳокимиятни тинч йўл билан фуқаролар қўлига ўтказиш бўйича доиравий келишувга эришилганди, аммо томонларнинг ушбу ўтиш жараёни тафсилотлари бўйича ўтказган музокаралар муваффақиятсизликка учради.

Фото: ANADOLU AGENCY

Бундан буёғига нималар бўлиши мумкин?

Агар ҳарбий ҳаракатлар давом этса, бу мамлакатни янада парчалаши ва сиёсий беқарорликни янада кучайтириши мумкин.

Аҳолини фуқаролик бошқарувига қайтишга ишонтиришда муҳим ролни ўйнаган дипломатлар икки генерални музокаралар столига қайтариш учун йўл топишга ҳаракат қилади.

Айни вақтда оддий суданликларни яна бир мавҳумлик даври кутмоқда.



Судан, Ҳарбийлар кураши, Хартум, Омдурман, Баҳри

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Суданда ҳарбийлар кураши: ким ким билан урушмоқда ва можаро қандай келиб чиққан?