Беларус президенти Александр Лукашенко Москвадаги «Ғалаба паради»дан кўп ўтмай Минскка қайтди.
«Наша Нива» нашрига кўра, у соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли Москвани муддатидан аввал тарк этган бўлиши мумкин.
Лукашенко парадга таклиф этилган давлат раҳбарлари орасида Россия президенти Владимир Путин билан бирга «Номаълум аскар» қабрига гул қўйишга бормаган ягона шахс бўлди. Хавфсизлик хизмати ходимлари уни ўша ерга электромобилда олиб боришди.
«Наша Нiва»нинг қайд этишича, парад пайтида Лукашенконинг қўлида боғич кўриниб қолган. Украина телеграм-каналлари бу катетернинг боғичи бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди.
Бундан ташқари, Лукашенко Москвага ташриф буюрган давлат раҳбарларининг норасмий нонуштасида ҳам кўринмади. Россия ҳам, Беларус ҳам Лукашенконинг тадбирга бормаганига расман изоҳ бермади.
Беларуслик сиёсатшунос Дмитрий Болкунец «Лукашенко соғлиғи сабабли овқатланишга кела олмагани ва Москвани тарк этгани» ҳақида ёзди. Сиёсатшуносга кўра, Лукашенко аэропортга тез ёрдам машинасида олиб борилган.
Москвадаги Ғалаба байрами шарафига ўтказилган парадда Лукашенкодан ташқари Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирок этди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг