Россия Мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар Ғарб давлатлари Украинага олиб келган саккизта Leopard танкини йўқ қилганини билдирмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлигининг 5 июнь якунлари бўйича Жанубий Донецк йўналишидаги вазият ҳақидаги баёнотида айтилади.

Хабарда айтилишича, Украина Қуролли кучлари Жанубий Донецк йўналишида, яъни Украинанинг Донецк ва Запорижжя вилоятлари маъмурий чегарасида олдинга силжишда давом этган. «Украина Қуролли кучларининг ҳужумкор бўлинмалари ва ҳарбий қисмлари катта зарар кўрди», деди Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков.
Унинг сўзларига кўра, Украина томонининг бу йўналишдаги умумий йўқотишлари бир ярим мингдан ортиқ одамни, 28 та танкни, жумладан, саккизта Leopard немис ва учта АМХ-10 француз танки, шунингдек, 109 та зирҳли жанговар техникани ташкил қилган. Ушбу баёнотнинг ҳақиқийлигини текширишнинг иложи йўқ. Лекин Россия Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган қуйидаги видео орқали танклар ва зирҳли техникаларга берилган зарбаларни кўриш мумкин.
Россия Мудофаа вазирлиги 4 июнь куни Украина армияси Жанубий Донецк йўналишида кенг кўламли ҳужумни бошлаганини, бироқ Россия Қуролли кучлари ҳужумларни қайтарганини билдирмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!