17:10 / 18.07.2023
242

Чехия грузиялик криминал авторитетни АҚШга экстрадиция қилади

Фото: Department of Justice 

Чехия адлия вазири Павел Блажек республикада қўлга олинган криминал авторитет, Грузия фуқароси Полад Омаровни АҚШга экстрадиция қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолади. Бу ҳақда “Новинкй” портали хабар бермоқда.

Омаровнинг Америкага экстрадицияси яқин кунларда амалга ошиши керак. Вазирда маҳбусни бошқа давлатга юбориш вариантлари ҳам бўлган: АҚШдан ташқари Грузия ва Қозоғистон экстрадиция учун мурожаат қилган.

АҚШда Омаровни ҳибсга олиш учун иккита суд ордер берган: 2022 йил 8 декабрда Нью-Йорк шарқий округи суди, 2023 йил 30 январда Нью-Йорк жанубий округи суди. У пул ювиш мақсадида тил бириктириш, товламачилик, таҳдид ва ўқотар қурол сақлашда айбланмоқда.

Бундан ташқари, АҚШда Омаров эронлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Масиҳ Алинежаднинг ўлдирилишига тайёргарлик кўрганликда гумон қилинмоқда. У ерда криминал авторитет умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Омаров АҚШда содир этилган жиноятларга алоқадорлигини рад этди. У Америкада ҳеч қачон бўлмаганини айтди. Дастлаб Омаров Грузия ёки Қозоғистонга экстрадиция қилинишни афзал кўрди, бу икки мамлакат ҳам Чехиядан жиноятчини топширишни сўраган. Бироқ кейинчалик Омаров АҚШга экстрадиция қилинишига қарши чиқмади.

“Мен шикоят қилмайман, нима бўлишидан қатъи назар, қаерга юборсангиз ҳам, бўйсунаман”, — деди Омаров.

У жорий йилнинг 4 январь куни Прагада халқаро ордер асосида ҳибсга олинган. Адлия вазири Блажек уни қаерга юборишни ҳал қилиши керак эди. Охир-оқибат, у Чехия расмийларига экстрадиция учун биринчи бўлиб мурожаат қилган АҚШнинг сўровини қондирди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Чехия грузиялик криминал авторитетни АҚШга экстрадиция қилади