21:57 / 20.07.2023
529

Украина АҚШ берган кассетали бомбалардан фойдаланишни бошлади

Фото: Reuters

Украина ҳарбийлари АҚШ томонидан етказиб берилган кассетали ўқ-дорилардан фойдаланишни бошлади. Бу ҳақда исмини ошкор қилишни истамаган украиналик расмийларга таяниб, The Washington Post хабар берди.

Нашр манбаларига кўра, украин кучлари “Украина қўшинларининг ёзги ҳужумини секинлаштирган русларнинг мустаҳкамланган позицияларини” йўқ қилиш мақсадида Украина жануби-шарқида кассетали бомбалардан фойдаланган. Гап Украина кучларига ҳудудларни қайтариб олишга тўсқинлик қилаётган хандақлар ҳақида кетмоқда.

Россия Қуролли кучлари назоратидаги Донецк вилоятининг Бахмут шаҳрида ҳам кассетали ўқ-дорилардан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

АҚШ расмийлари июль ойи бошида Украина Қуролли кучларида етишмаётган оддий ўқ-дорилар ўрнини босувчи навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага кассетали бомбалар беришини маълум қилганди.

Украина армияси 13 июль куни АҚШдан кассетали бомбалар олганини маълум қилган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинага кассетали ўқ-дорилар етказиб берилса, рус қўшинлари ҳам улардан фойдаланишга мажбур бўлишини айтган.

Нима учун кассетали ўқ-дорилар баҳсга сабаб бўлмоқда?

Бомбалар катта майдонга тушгани сабабли улар жанговар бўлмаган ҳудудларга ҳам таҳдид солиши мумкин. Бундан ташқари, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси маълумотларига кўра, ўқ-дориларнинг 10 фоиздан 40 фоизгача бўлган қисми нобуд бўлади ва портламаган ўқ-дорилар тинч аҳоли учун йиллар ва ҳатто ўнлаб йиллар давомида хавф туғдиради.

Потенсиал ҳалокатли кассетали ўқ-дорилар Лаос ва Вьетнамда ишлатилганидан 50 йил ўтиб ҳамон портламай қолмоқда, бу эса мазкур қуролларни кенг миқёсда тақиқлашни талаб қилишга ундади.

Кассетали ўқлар тўғрисидаги конвенция туфайли дунёнинг аксарият мамлакатлари ушбу қуроллардан фойдаланишни аллақачон тақиқлаб қўйган, бу эса уларни захиралаш, ишлаб чиқариш ва узатишни ҳам тақиқлайди. Ушбу конвенция га 123 давлат қўшилган, аммо яна 71 давлат (хусусан, АҚШ, Украина, Россия) қўшилмаган.

Human Rights Watch фаолларига кўра, 2022 йил 24 февралдан бери Украинадаги конфликтнинг ҳар икки томони Совет ва Россияда ишлаб чиқарилган турли турдаги кассетали ўқ-дорилардан фойдаланган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина АҚШ берган кассетали бомбалардан фойдаланишни бошлади
ePN