09:49 / 21.07.2023
228

Россияда мактаб ўқувчиси Симонян ва Собчак иши бўйича ҳибсга олинди

Россияда мактаб ўқувчиси Симонян ва Собчак иши бўйича ҳибсга олинди

Фото: Shutterstock

20 июль, пайшанба куни Москванинг Басманний суди RT бош муҳаррири Маргарита Симонян ва журналист Ксения Собчакка режалаштирилган «суиқасд» иши бўйича саккизинчи айбланувчини ҳибсга олди. ТАСС суд вакилларига таяниб аниқлик киритишича, гап бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган безориликда айбланиб ҳибсга олинган вояга етмаган шахс ҳақида кетмоқда (Жиноят кодексининг 213-моддаси 2-қисми). У 14 сентябргача ҳибсда қолади.

«Медиазона» нашри суд қарорига таяниб, ҳибсга олинган шахс Москва мактабларидан бирининг 10-синф ўқувчиси Артем Р. экани, у 17 июль куни қўлга олинганини ёзди. У ва яна етти киши «осиё миллатига мансуб кишиларни безорилик ниятида калтаклаганликда» айбланмоқда.

«Медиазона» хабарига кўра, ҳимоячи ўқувчини тергов изоляторига жўнатмасликни сўраган, чунки у иккинчи гуруҳ ногирони бўлган бувисига қараган ва тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бироқ, суднинг фикрича, йигит озодликда «жиноятда номаълум шериклар билан алоқада бўлиши», далилларни сохталаштириши ёки яшириниши мумкин.

15 июль куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати «Маргарита Симонян ва Ксения Собчакка суиқасд уюштириш»нинг олдини олгани ҳақида хабар берди. Махсус хизмат маълумотларига кўра, қотилликни «Симонян ва Собчакнинг иш ва яшаш манзилларида разведка олиб борган «Параграф-88» гуруҳининг неонацистлари» тайёрлаган.

Шу куни Москва Басманний суди етти нафар гумонланувчини ҳибсга олди. Улардан тўрт нафари вояга етмаганлар, дея маълум қилди суд. Шу билан бирга, пресс-релизда ёшлар Симонян ва Собчакка «суиқасд уюштириш»га тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ҳолда қўлга олингани эслатилмаган. Тергов маълумотларига кўра, судланувчилар «миллий нафратдан келиб чиққан ҳолда безорилик ниятида, уюшган гуруҳ таркибида чет эл фуқароларига ўзига хос беадаблик билан ҳужум қилган».

RT канали ўзини «Параграф-88» гуруҳи асосчиси деб атаган 18 ёшли Михаил Балашовнинг сўроққа тутилган видеосини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, у ва дўстлари «славян бўлмаган кўринишдаги шахсларга» ҳужум қилган, шундан сўнг у билан «Украина махсус хизматлари боғланган».

«Аввалига бизга реле шкафларини ёқишни таклиф қилишди. Кейинроқ Маргарита Симонян ва Ксения Собчакни буюртма асосида ўлдириш таклиф этилди. Мен Маргарита Симоняннинг яшаш жойини кўздан кечирдим, бунинг учун пул олдим. Шундан сўнг куратор билан боғландим, у менга Калашников автомати ва пул қолдириши керак эди. Қурол жойлашган жойга келганимда махсус хизмат ходимлари томонидан ушландим», - дейди Балашов видеода.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда мактаб ўқувчиси Симонян ва Собчак иши бўйича ҳибсга олинди
ePN