17:57 / 21.07.2023
445

Украина армияси кассетали ўқ-дорилардан фойдаланаётгани акс этган видео намойиш қилинди

Фото: Reuters

Британиянинг The Telegraph нашри Украина ҳарбийлари кассетали ўқ-дорилардан фойдалангани акс этган илк видеони намойиш қилди.

Видеодан маълум бўлишича, бундай ўқ-дорилар Украина Қуролли кучларининг 14-алоҳида механизациялашган бригадаси томонидан Харьков вилоятининг Купянск йўналишида фойдаланилган — М109 ўзиюрар гаубицасидан ўт очилган. Кадрлар аниқ қачон олингани номаълум. Бир неча кундан бери Россия Мудофаа вазирлиги ушбу йўналишда олдинга силжиш борлиги ҳақида хабар бераётганди.

Пентагоннинг таъкидлашича, кассетали ўқ-дорилар Украинага АҚШ ва “учинчи давлат”дан юборилган (қайси давлат экани айтилмаган). Вашингтон бундай қуролларнинг ўтказилишини Украина ҳарбийларининг оддий ўқ-дорилар захираси тугагани билан изоҳлади.

20 июль куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши координатори Жон Кирби Украина Қуролли кучлари ушбу қуроллардан фойдалана бошлаганини айтди. The Washington Post нашрининг ёзишича, снарядлар жануб ва шарқдаги Россия позицияларига қарата, Украинанинг қарши ҳужумини секинлаштирган окопларни йўқ қилиш мақсадида отилган. Газетанинг ёзишича, Украина армияси бу қуролларни Бахмут ҳудудида қўллашни режалаштирмоқда.

Кирбининг сўзларига кўра, Украина ўқ-дорилардан тўғри ва самарали фойдаланмоқда. Киев Вашингтонга тегишли ёзма кафолатлар бериб, тинч аҳолига ҳеч қандай хавф туғдирмаслигига ишонтирган.

Аввалроқ Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинага кассетали ўқ-дорилар етказиб берилса, рус қўшинлари ҳам улардан фойдаланишга мажбур бўлишини айтган.

Нима учун кассетали ўқ-дорилар баҳсга сабаб бўлмоқда?

Бомбалар катта майдонга тушгани сабабли улар жанговар бўлмаган ҳудудларга ҳам таҳдид солиши мумкин. Бундан ташқари, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси маълумотларига кўра, ўқ-дориларнинг 10 фоиздан 40 фоизгача бўлган қисми нобуд бўлади ва портламаган ўқ-дорилар тинч аҳоли учун йиллар ва ҳатто ўнлаб йиллар давомида хавф туғдиради.

Потенсиал ҳалокатли кассетали ўқ-дорилар Лаос ва Вьетнамда ишлатилганидан 50 йил ўтиб ҳамон портламай қолмоқда, бу эса мазкур қуролларни кенг миқёсда тақиқлашни талаб қилишга ундади.

Кассетали ўқлар тўғрисидаги конвенция туфайли дунёнинг аксарият мамлакатлари ушбу қуроллардан фойдаланишни аллақачон тақиқлаб қўйган, бу эса уларни захиралаш, ишлаб чиқариш ва узатишни ҳам тақиқлайди. Ушбу конвенция га 123 давлат қўшилган, аммо яна 71 давлат (хусусан, АҚШ, Украина, Россия) қўшилмаган.

Human Rights Watch фаолларига кўра, 2022 йил 24 февралдан бери Украинадаги конфликтнинг ҳар икки томони Совет ва Россияда ишлаб чиқарилган турли турдаги кассетали ўқ-дорилардан фойдаланган.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина армияси кассетали ўқ-дорилардан фойдаланаётгани акс этган видео намойиш қилинди