
Қўшма Штатлар Нидерландия ва Даниядан Украинага F-16 қирувчи самолётларини юборишни маъқуллади. Бу ҳақда 17 август, пайшанба куни исми ошкор этилмаган америкалик мулозимга таяниб, Reuters ахборот агентлиги хабар берди.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Вашингтон Дания ва Нидерландияга Қўшма Штатлар украиналик учувчиларни тайёрлаш тугаши билан учинчи давлатлардан ушбу самолётларни Украинага ўтказиш бўйича барча зарур сўровларни тасдиқлашни тезлаштириши ҳақида расмий кафолатлар берган.
Авиация коалициясига раҳбарлик қилаётган Нидерландия ва Дания аввалроқ АҚШдан бундай кафолатлар беришни талаб қилганди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Дания ва Нидерландиядаги ҳамкасбларига мактуб йўллаб, керакли сўровлар маъқулланишига ишонтирди, деди расмий.
Блинкен: Украина ўзини ҳимоя қила олиши керак
«Ушбу мактуб билан мен АҚШ Украинани F-16 жанговар самолётларини етказиб беришда ҳам, украиналик учувчиларни малакали инструкторлар томонидан ўқитишда ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдираман, — дейилади Блинкен мактубида. — Украина Россиянинг давом этаётган тажовузидан ва суверенитетини бузишдан ўзини ҳимоя қила олиши жуда муҳим».
Давлат котибининг сўзларига кўра, учинчи давлатларнинг қирувчи самолётларни юбориш бўйича сўровлари маъқулланиши Украинага «биринчи учувчилар гуруҳи ўқув машғулотларини якунлаши биланоқ, ўзининг янги имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш» имконини беради.
Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучларининг расмий вакили Юрий Игнат 16 август куни Украина яқин ойларда F-16 қирувчиларини қабул қилмаслигини айтди. «Украинани шу куз ва қишда F-16 самолётлари билан ҳимоя қила олмаслигимиз аллақачон аниқ», деди у миллий телемарафон эфирида. Шу билан бирга, украиналик учувчиларни ушбу жанговар машиналар билан ишлашга ўргатиш масаласи «ижобий ҳал қилинмоқда», деб таъкидлади Игнат.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!