
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов ҳозир Қримни озод қилишнинг бир нечта вариантлари кўриб чиқилаётгани, аммо асосийси — махсус ҳарбий операция эканини айтди. Бу ҳақда “Украинские Новости” хабар берди.
Юсовнинг сўзларига кўра, воқеалар ривожланишининг турли сценарийлари мавжуд. Сабаби Украина ҳарбийларнинг йўқотишларини камайтириш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Иттифоқчилар томонидан ҳарбий ёрдам етказиб беришнинг тегишли ҳажми ва фронтдаги вазиятнинг ривожланиши ҳам шунга боғлиқ.
Украина разведкаси вакили аниқ чораларни айтмади. Юсов яриморолдаги рус ҳарбийларининг “чекиниш ишораси”ни истисно этмади, бироқ Украина бундай сценарийни кутмаслигини таъкидлади.
Унга кўра, Украина кучлари ҳозир Қримни озод қилиш устида ишламоқда. Агар ички ва ташқи вазият туфайли руслар ўз ихтиёри билан босиб олинган ҳудудни тарк этишга қарор қилса, бу уларнинг аскарлари ҳаётини сақлаб қолиш ва қатор ҳарбий жиноятларни тўхтатиш имконини берувчи тўғри қарор бўлади.
Юсовнинг таъкидлашича, Қримда аҳоли орасида жуда бошқача кайфият ҳукм сурмоқда. Рус ҳарбий етакчилари қасос муқаррар эканини тушунгач, оилаларининг кўп қисмини ҳудуддан олиб кетган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!