
АҚШнинг юқори мартабали расмийлари 3 сентябр, якшанба куни бир неча кун аввал «Сурия демократик кучлари» (SDF) курд тузилмаларига қарши араб қабилаларининг исёни бошланган Сурия шарқидаги Дайр-аз-Зор вилоятига ташриф буюрди.
АҚШнинг Суриядаги элчихонаси маълум қилишича, давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Эйтан Голдрич ва ИШИДга қарши АҚШ бошчилигидаги коалицияга қўмондонлик қилаётган генерал-майор Жоэл Б. Вауэлл SDF курд тузилмалари ва қабилалар шайхлари билан учрашган.
«Улар Дайр-аз-Зор аҳолисининг шикоятларини кўриб чиқиш муҳимлиги, Дайр-аз-Зорга ташқи аралашув хавфи, тинч аҳоли ўлими ва жароҳатланишининг олдини олиш ҳамда зўравонликларни тезда бартараф этиш зарурлиги ҳақида келишиб олди», дейилади элчихонанинг X микроблоглар тармоғидаги (собиқ Twitter) хабарида.
Қайд этилишича, Голдрич ва Вауэлл ИШИДга қарши курашда «АҚШнинг SDF билан яқин ҳамкорлиги муҳимлигини яна бир бор таъкидлаган».
SDF курд тузилмалари ва араб қабилаларининг жангчилари ўртасидаги тўқнашувлар 27 августда бошланган, унинг давомида ҳар икки томон ҳам йўқотишларга учради. Курдлар Дайр-аз-Зор вилоятидаги Ал-Бусейра ва Аш-Шоҳил шаҳарларини эгаллаб олди, 2 сентябр куни Сурия шимоли-шарқидаги улар назорати остидаги ҳудудларда комендантлик соати жорий этилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!