
Киевда Халқаро жиноят судининг дала офиси очилди, деб хабар берди Украина Бош прокуратураси.
«Бу ҳамкорлигимизнинг янги бобидир. Офис иши Украина ва Халқаро жиноят суди ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бу Россиянинг Украина ва украиналикларга қарши ҳар куни содир этаётган жиноятларига жавоб бериш самарадорлиги ва тезлигини оширади», деди Украина бош прокурори Андрей Костин.
Украина Бош прокуратураси хабарига кўра, Халқаро жиноят судининг Киевдаги дала офиси суднинг Ҳаагадан ташқаридаги энг йирик ваколатхонаси ҳисобланади.
2023 йил март ойида Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Лвова-Беловани болаларни Украинадан ноқонуний депортация қилишда айблаб, ҳибсга олиш ҳақида ордер берган эди.
Июл ойида Ҳаагада Россиянинг Украинага босқинини тергов қилиш халқаро маркази иш бошлади. Унинг таркибига Украина, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Халқаро жиноят суди прокурорлари кирди. Европа Иттифоқи марказнинг ташкил этилишини махсус трибунал яратиш йўлидаги биринчи қадам деб атади, чунки марказ томонидан тўпланган материаллар Украинага қарши босқинчилик бўйича жиноят иши қўзғатиш учун асос бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!