Озарбойжоннинг Евлах шаҳрида Тоғли Қорабоғ арманлари вакиллари ва Озарбойжон вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди. Музокаралар якунида арманлар вакили Давид Бабаян Боку билан якуний келишув йўқ, тафсилотларни келишиб олиш кераклигини айтди.
«Биз жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришдик, аммо якуний келишувни кутмоқдамиз. Музокаралар давом этмоқда», деди Бабаян.
Озарбойжон президентининг махсус топшириқлар бўйича вакили Элчин Амирбеков, ўз навбатида, учрашувда арман томонига тинчлик шартномаси лойиҳаси топширилганини айтди.
«Арманистон билан келишув халқаро ҳуқуққа асосланган бешта банддан иборат. Хусусан, ҳар икки давлат бир-бирининг ишига аралашмаслик мажбуриятини олади. Тоғли Қорабоғ арманлари билан алоҳида келишув шарт эмас. Энди бу Озарбойжоннинг ички иши», деди у.
19 сентябр куни Озарбойжон Тоғли Қорабоғда «конституциявий тузумни тиклаш» мақсадида «маҳаллий характердаги аксилтеррор чоралари» бошланганини эълон қилди ва тан олинмаган республика ҳудудини ўққа тута бошлади. Озарбойжон томони зарбалар фақат ҳарбий нишонларга берилганини таъкидлади.
20 сентябр куни тан олинмаган Қорабоғ расмийлари Россия тинчликпарвар кучлари иштирокида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Шу билан бирга, тан олинмаган республика ҳукумати Евлах шаҳрида йиғилиш ўтказиш режасини эълон қилди. Унда «Озарбойжон томони билан реинтеграция, Тоғли Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек Озарбойжон Конституцияси доирасида Тоғли Қорабоғ аҳолиси ҳаётини таъминлаш» масалалари муҳокама қилиниши ҳақида хабар берган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!