17:45 / 06.10.2023
390

Россия Харьков ва Одессага ҳужум қилди (фото, видео)

Россия Харьков ва Одессага ҳужум қилди (фото, видео)

Рус қўшинлари 6-октябрга ўтар кечаси Харьковга ракета зарбаларини берди. Вилоят раҳбари Олег Синегубов Киев ва Основянский туманларига ракета келиб тушганини хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳужумдан кейин 9 киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган, ярадорлар орасида 11 ойлик бола ҳам бор. Автомобильлар ва биноларга зарар етди, деб ёзган Синегубов.

Кейинроқ Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари Игор Клименко Харьковдаги ракета ҳужуми оқибатида 25 киши яраланганини маълум қилди. Иккита кўп қаватли турар жой ва битта уч қаватли бино шикастланган. Вайроналар остидан 10 ёшли бола ўлик ҳолда топилган.

Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: Reuters

Бундан ташқари тунда Россия қўшинлари Украинага “Shahed-131/136” дронлари билан ҳужум уюштирди, деб хабар бермоқда Украина Қуролли кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги.

Украина ҳарбийларига кўра, ҳужумда 33 та дрон иштирок этган, улардан 25 таси уриб туширилган. Дронлар бир неча гуруҳга бўлинган ҳолда Украинанинг жанубий, шарқий ва марказий ҳудудлари йўналиши бўйича ҳаракатланган. Ҳужумни қайтаришда авиация, зенит-ракета кучлари, мобил ўт ўчириш гуруҳлари бўлинмалари ва электрон уриш воситалари қатнашган.

Одесса вилоятида дронлар Измоил туманидаги чегара ва порт инфратузилмасига ҳужум қилди, деди вилоят маъмурияти раҳбари Олег Кипер. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учта дронни уриб туширишга муваффақ бўлган, у дронларнинг нечтаси мудофаани ёриб ўтганига аниқлик киритмади. Ҳужум оқибатида дон омборига зарар етган, 9 та юк машинаси ёниб кетган. Кипернинг сўзларига кўра, ҳеч ким жабрланмаган.

Бундан ташқари, Одесса вилояти раҳбари дрон ҳужуми туфайли паром ўтиш жойи вақтинча ёпилганини маълум қилди. BBC рус хизматининг аниқлик киритишича, гап Орловкадаги чорраҳа ҳақида кетаётган бўлиши керак, маҳаллий Telegram каналлари ушбу ҳудудда портлашлар содир бўлганини хабар қилган.

Яна саккизта дрон Николаев вилоятида, еттитаси Черкас вилоятида уриб туширилган. Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги, шунингдек, Харьков, Днепропетровск ва Житомир вилоятларида учувчисиз учоқлар уриб туширилгани ҳақида хабар берди.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Харьков ва Одессага ҳужум қилди (фото, видео)