date
views 152

Блинкен Исроилни қўллаб-қувватлади: «Биз ҳар доим сиз томонда бўламиз»

Блинкен Исроилни қўллаб-қувватлади: «Биз ҳар доим сиз томонда бўламиз»

Фото: Reuters

АҚШ ҲАМАС билан қарама-қаршиликда Исроилни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга ташрифи доирасида бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашувдан кейин айтиб ўтди.

«Исроил халқи узоқ вақтдан бери ва ҳақли равишда ўз мустақиллиги, ўзини мустақил ҳимоя қила олиши билан фахрланиб келади, ҳатто вазият уларга қарши бўлса ҳам. Менинг Исроилга мурожаатим: ўзингизни ҳимоя қилиш учун етарлича кучли бўлишингиз мумкин, аммо Америка мавжуд экан, сиз буни ҳеч қачон [ёлғиз] қилмайсиз. Биз доимо сиз томонда бўламиз», деди Блинкен.

Шу билан бирга, Блинкен АҚШ Исроилга ҳарбий ёрдам беришини ҳам эълон қилди.

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Исроилда миллий бирдамлик ҳукумати тузилгани ва Исроил халқи бирдамлигини олқишлади.

У ҲАМАС аъзоларини ИШИД билан қиёслаган Нетаняҳунинг фикрига қўшилди, шунингдек, бошқа давлат ёки нодавлат кучларни можарога аралашмасликка чақирди. Блинкен Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани, лекин буни қандай қилиши ҳам муҳимлигини таъкидлади.

«Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, ҳатто шундай мажбуриятга эга. Исроил буни қандай қилиши муҳим аҳамиятга эга. Биз, демократик давлатлар, террорчилардан инсон ҳаётини қадрлашимиз билан фарқ қиламиз. Шунинг учун барча эҳтиёт чораларини кўриш муҳимдир. Биз ҳар бир қурбон ҳақида қайғурамиз», деди у.

Бундан олдинроқ АҚШ президенти Жо Байден ҳам Нетаняҳу билан телефон мулоқоти чоғида уруш олиб бориш қоидаларига риоя этиш ва Ғазо секторида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонини минимумга туширишга чақирганди.

Матбуот анжуманида Блинкен Исроилга нафақат АҚШ вакили, балки «яҳудий сифатида» келганини ҳам таъкидлади. У Россиядаги қирғинлардан қочган бобоси ва «Холокост» пайтида концлагерлардан омон қолган ўгай отасининг ҳикояларини айтиб берди.

«Шахсан мен ҲАМАС қирғинининг исроиллик яҳудийлар ва бутун дунёдаги яҳудийларга нисбатан юракни эзувчи акс-садосини тушунаман», деб қўшимча қилди у.

Блинкеннинг таъкидлашича, Вашингтон ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш устида ишлаяпти. Шунингдек, можарода камида АҚШнинг 25 нафар фуқароси ҳалок бўлганини тасдиқлади.

  • ҲАМАС аъзолари 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилганди. Бунга жавобан Исроил Ғазо секторидаги ҲАМАС қароргоҳларига авиазарбалар бера бошлади. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳар икки томонда ҳам қурбонлар сони 1300 кишидан ошган. Яна минглаб одамлар яраланган.
  • Энтони Блинкен Исроилдан сўнг Иорданияга боради ва у ерда Фаластин мухторияти маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашади. Сиёсатчининг Яқин Шарққа ташрифидан мақсад ҲАМАС жангарилари билан можаро кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш экани айтилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Блинкен Исроилни қўллаб-қувватлади: «Биз ҳар доим сиз томонда бўламиз»