
АҚШ Сенатидаги демократлар ва республикачилар Вакиллар палатасидаги республикачиларнинг бир вақтнинг ўзида Украинага ёрдам бермасдан, Солиқ бошқармасини молиялаштиришни қисқартириш орқали Исроилга 14,3 миллиард доллар ёрдам кўрсатиш режасига шубҳа билдирди.
31 октябр, сешанба куни журналистлар билан суҳбатда Сенатдаги республикачилар етакчиси Митч Макконнел қонун лойиҳасига тўрт минтақа – Украина, Исроил, Тайван ва АҚШнинг Мексика билан чегарасига тегишли чораларни киритиш зарурлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Сенатдаги демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер Вакиллар палатасида тақдим этилган қонун лойиҳасини «бемаъни таклиф» деб атади. Агар у қуйи палата томонидан қабул қилинса, Сенатда ҳеч қандай имконияти бўлмайди, деди у журналистларга.
Оқ уй: Байден вето қўяди
Оқ уйнинг хабар беришича, АҚШ президенти Жо Байден бу ҳужжатга ҳатто у иккала палатада ҳам овоз беришдан ўтиб, иш столига қўйилса ҳам вето қўяди ва имзолашдан бош тортади. «Ушбу қонун лойиҳаси Исроил учун ёмон, Яқин Шарқ ва ўз миллий хавфсизлигимиз учун ёмон», - дея Reuters Оқ уй маъмурий-бюджет бошқармаси вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган.
Вакиллар палатасида республикачилар яқин кунларда қонун лойиҳасини маъқуллаши кутилмоқда.
Вакиллар палатасининг янги спикери сайланганидан кейинги биринчи йирик қонун лойиҳаси
30 октябр куни Вакиллар палатасида республикачилар янги спикер, Республикачилар партияси вакили Майк Жонсон сайланганидан кейин биринчи йирик қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат фақат Исроилга ёрдам кўрсатиш учун қўшимча харажатларни ўз ичига олади. Ҳужжатда, жумладан, Исроилнинг Iron Dome ва David's Sling мудофаа тизимлари учун 4 миллиард доллар, шунингдек, Iron Beam мудофаа тизимини ривожлантириш учун 1,2 миллиард доллар, жами 14,3 миллиард доллар ажратиш назарда тутилган.
Шу билан бирга, ушбу ёрдам пакетининг тақдим этилиши 2022 йилга қадар инфляцияни камайтириш тўғрисидаги қонун бир қисми сифатида молиялаштиришни қисқартиришни ўз ичига олади, буу демократлар қабул қилишни талаб қилган ва солиқларни тартибга солиш, соғлиқни сақлаш ҳамда иқлимни муҳофаза қилиш чораларини ўз ичига олади. Айни пайтда, Байден аввалроқ умумий қиймати 106 миллиард доллар бўлган пакетни, жумладан, Украина ва Исроилга ёрдам, шунингдек, Ҳинд-Тинч океани минтақасида АҚШни Хитой билан рақобатда мустаҳкамлаш ва Мексика билан чегарада хавфсизликни кучайтириш чораларини таклиф қилган эди.
Вакиллар палатасида республикачилар кўпчилик овозга эга (212 демократга қарши 221), Сенатда эса демократлар кўпчилик овозга эга (49 га қарши 51). Қонун лойиҳасини қабул қилиш тартиби иккала палатада овоз бериш ва президентнинг имзосини ҳам ўз ичига олади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!